Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида машҳур ҳунарманднинг кўргазмаси иш бошлади
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокимлиги масъуллари, “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, ҳудуддаги уста ҳунармандлар иштирок этди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, “уста-шогирд” анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланди.
Хусусан, жорий йилда вилоят марказларида ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдосига ихтисослашган махсус савдо павильонлари ташкил этилиб, туристик маршрутларга киритилди. Жойларда “Ҳунармандлар марказлари”, “Уста-шогирд” мактаблари барпо этилиб янги иш ўринлари яратилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги 5 йилда мамлакатимиздаги уста-ҳунармандлар сони 260 минг нафарга етди. Шу вақт давомида халқ амалий санъати миллий каталоги яратилиб, фахрий ва халқаро кўргазма, танловларда ғолиб бўлган 340 нафар усталар ушбу каталогдан ўрин олган. Шунингдек, 1,5 мингга яқин ҳунармандлар туризм реестрига киритилиб, соҳа ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.
Хусусан, Б.Мадраимовнинг кўргазма павильонида ҳам 20 дан ортиқ шогирдлари билан бирга ёғочдан ясаган 600 га яқин бир-бирини такрорламайдиган буюмлари намойиш этилган.
– Маҳсулот тайёрлашда ишлатадиган хомашёнинг 90 фоизи дарахт илдизларидан қилинади, – дейди ҳунарманд Беҳзод Мадраимов.
– Табиий шакл берилган ҳунармандчилик намуналаримизга қизиқувчилар жуда кўп. Бу иш қанчалик машаққатли ва кўп вақт талаб қилишига қарамай кўплаб шогирдларимиз ўрганяпти. Улар орасида мустақил равишда хориждан бўлаётган талаб ва таклифлар асосида гўзал санъат асарларини ясаётганлари ҳам борлиги мени хурсанд қилади. Бугунги кунда амалга оширмоқчи бўлган янги лойиҳаларимиз учун давлат томонидан субсидиялар ажратиляпти. Бу эса келгуси фаолиятимизни янада ривожлантиришга ёрдам беради.
Айни пайтда ҳунарманд Беҳзод Мадраимов ясаётган маҳсулотлар Дубай шаҳрига экспорт қилиняпти. Унинг устахонасида 12 нафар ишчи меҳнат қилади.
А.Мусаев, ЎзА