Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Бухоро вилоят Кенгаши томонидан ҳудудда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг дастлабки якуний натижаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида маҳаллий ҳунармандларнинг шу кунга қадар эришган ютуқлари билан бирга, улар фаолиятига тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар хусусида ҳам сўз борди.
Амалдаги қонунчиликда, Президент фармон ва қарорларида соҳа ривожига самарали таъсир кўрсатувчи имтиёз ва имкониятлар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Партия фаолларининг маҳаллий ҳунармандларга бу борада яқин кўмакчи эканликлари таъкидланди.
Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлганидек, Бухоро вилоятида ҳам маҳаллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қартилмоқда. Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорларида соҳа ходимлари учун белгиланган имтиёз ва енгилликлар улар фаолиятининг бардавом бўлишида муҳим аҳамият касб этаяпти. O’zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган турли кўрик-танловларда бухоролик ҳунармандларнинг етакчи ўринларни эгаллаб келаётгани соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
–Вилоятимизда бугунги кунда 3 минг нафарга яқин ҳунарманд уюшмасининг аъзоси фаолият кўрсатмоқда,–дейди Бухоро шаҳридаги “Совға устозодаи зардўзон” оилавий корхонаси раҳбари Бахшулло Жумаев. –Уларнинг 6,5 минг нафардан иборат тиришқоқ шогирдлари ҳам эндиликда мустақил равишда иш олиб бормоқда. Маҳаллий ҳунармандчиликнинг зардўзлик, заргарлик, мис кандакорлиги, кулолчилик, темирчилик, миниатюра санъати сингари йўналишлари маҳаллий аҳоли, айниқса, хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳозирги пайтда вилоят бўйича жами 12 та ҳунармандчилик маркази ташкил этилган бўлиб, уларга ғиждувонлик моҳир кулол Алишер Нарзуллаев, Бухоро туманида фаолият кўрсатаётган Акмал Муҳитдинов, вилоят марказида эса Даврон Тошев сингари моҳир ҳунармандлар раҳбарлик қилиб келмоқда.
Шунингдек, соҳада бугунги кунда мавжуд бўлган бир қатор муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.
Ҳунармандлар учун ажратиб берилаётган жойлар учун ижара тўловлари нархининг баландлиги, солиқ қонунчилигига оид тартиб-қоидаларга ҳар доим ҳам риоя қилинмаётганлиги, бешиксоз ҳунармандларнинг фаолият кўрсатишида муҳим ўрин тутадиган хомашё –тол дарахтларидан фойдаланишдаги айрим чекловлар шулар жумласидандир.
Тадбирда соҳани ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди. Тайёр маҳсулотларда миллий қадрият ва анъаналарни сақлаб қолган ҳолда креатив ёндашиш, онлайн савдоларни йўлга қўйиш, ҳунармандларнинг соҳага оид амалдаги қонунчиликдан хабардорлигини ошириш мақсадида O’zLiDeP ҳамда Ҳунарманд уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, семинар–тренинглар ташкил этиш бўйича билдирилган таклифлар тадбир иштирокчилари томонидан тўла қўллаб-қувватланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири