Ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси
Наврўз байрами муносабати билан Андижон шаҳридаги "Navruz mall" савдо кўнгилочар мажмуасида ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
“Ҳунарманд” уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган ярмаркада кулолчилик, ўймакорлик, пичоқчилик, дўппидўзлик, миллий либослар, миниатюра ва бошқа турдаги ҳунармандчилик буюмлари тайёрловчи уста ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳунармандлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, давлатимиз томонидан ҳунармандларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, самарали иш олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Натижада кулолчилик, ўймакорлик, темирчилик, пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий матолар, қўғирчоқ, турли сувинерлар, миниатюра санъати ва бошқа ҳунармандлик маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланаётган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритаётган ҳунармандлар сафи ортиб бормоқда, юзлаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
–Вилоятда ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури доирасида субсидиялар ажратиш ва “Уста-шогирд” мактабларини яратиш орқали ўтган 2023 йилда 5 минг 373 та янги иш ўрни яратилди, – дейди "Ҳунарманд" уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Араббоев. – Мустақил иш бошлаганларнинг 1 минг 423 нафари уста ҳунарманд, 3 минг 750 нафари шогирд мақомида иш олиб бормоқда.
Жорий йилда ҳам вилоятда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича қатор режалар белгилаб олинган. Хусусан, банклар томонидан 35 миллиард 145 миллион сўм кредитлар, шунингдек, 4 миллиард 218 миллион сўм субсидия маблағи ажратилиши ҳисобига мазкур йўналишда 4 минг 888 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Андижон шаҳри, Шаҳрихон туманларида ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма- савдо ярмаркалари, республика фестивали ўтказилиши белгиланган.
[gallery-16574]
Ярмаркада намойиш этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари андижонликларга, вилоятга ташриф буюрган меҳмонлар ва сайёҳларга чегирмалар асосида сотилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари