Ҳунаридан зар ундирган аёл
Жиззахлик Орзихон Алимова она мерос анъаналарни ардоқлаб, ёшларга ўргатиб келаётган моҳир ҳунармандлардан.
О. Алимова 1955 йил Қирғизистоннинг Ўш вилоятида дунёга келган. 15 ёшида ҳаёт чархпалаги туфайли Ўзбекистонга чўлни ўзлаштириш мақсадида оиласи билан келиб, шу ерда қўним топади. Ўзбек йигити билан оила қуради. Турмуш ўртоғи эрта оламдан ўтгач, беш фарзандини қўлидаги ягона ҳунари – қуроқчилик ортидан кам-кўстсиз вояга етказади. Мана 35 йилдирки ҳунари ортидан рўзғори бут.
[gallery-6387]
– Онам қўли гул чевар бўлган, - дейди Орзихон ая. – Унинг ҳунари синглим ва менга мерос қолди. Бугунги кунгача ҳунаримни ортидан кам бўлганим йўқ. Вилоятимизда қурилаётган янги замонавий кўп қаватли уйлардан олдим. Ҳунармандлар уюшмаси аъзосиман. Зомин, Форишда ўтказилган танлов, кўргазмаларда иштирок этиб, муносиб ўринларни олишга эришдим. У ерда қирғиз, қозоқ кийимларига буюртмалар олдим.
Тошкент, Андижонга кўрпалар тикиб жўнатдик. Даромадимиз ёмон эмас. Ҳозирда 8 нафар шогирдим билан меҳнат қилаяпмиз. Тикув хонамизни кенгайтириб, шогирдлар сафини ошириш ҳаракатидамиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша кўпаяди.
Айни пайтда ҳунарманд буюртмага қараб, асосан қирғиз, қозоқ, Жиззах қуроқларини тикишни йўлга қўйган. Қуроқларнинг бир-биридан фарқи шуки, қирғизча қуроқда ўз миллий шакллари бор, шахмат қуроқ кўп қўлланилади. Мато бўлакчалари шахмат қилиб букилиб, гул шаклида терилади. Қозоқча қуроқ эса матони чизиб, бошқа матони ёпиштириб ўйма қуроқ шаклида тикилиши билан фарқланади. Уларни тикишда ҳунарманддан катта куч ва сабр талаб этилади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА