Мулоҳаза
Болалигимда қишлоғимизнинг ҳар кўчасида этикдўзлик устахонаси бўларди. Оёқ кийимимиз йиртилиб кетса, ота-онамиз “бор, тиктириб кел” деб қўлимизга пул тутқазиб юборарди. Шунда устанинг қандай маҳорат билан ўз ишини бажаришини томоша қилардим. Қўлидаги бигиз билан эски пойабзални бир пасда янгидай қилиб берадиган уста сеҳргардек туюларди.

Қишлоқ хотин-қизлари эса гилам тўқишарди. Пиёз пўстлоғи, анордан ранг тайёрлаб, гиламга нақш туширишарди. Бир-бирлариникига ҳашарга боришарди. Маҳалламиз аҳли иноқ яшарди.
Бугун эса кўп қадим ҳунарлар йўқолиб боряпти. Зардўзликни фақат тўй либосида кўрамиз. Гилам тўқувчи аёллар камайди, кулолларнинг маҳсулотларини эса гоҳида бозорларда эсдалик буюмлари қаторида томоша қиламиз. Назаримда, ҳунарлар йўқолгани йўқ, биз ундан узоқлашяпмиз.
Ҳар бир ҳунар – халқнинг ҳаёт тарзи, маданияти, қалби ва зеҳнининг ифодаси.
Ҳунармандлар уюшмаси матбуот котиби Нилуфар Ҳотамова ҳунармандлик ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
– Сўнгги йилларда ҳунармандлик соҳаси стратегик йўналиш сифатида изчил ривожлантирилмоқда. Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари билан ҳунармандлар учун кенг имкониятлар яратилди. Бугунги кунда ҳунармандликнинг 43 та йўналиши бўйича 25 минг нафар ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганаётган шогирдлар сони эса 115 минг нафарни ташкил этмоқда.

Ҳунар инсонда ўз қадрини билиш туйғусини шакллантиради. Биз чекка ҳудудлардаги аёллар ва ёшлар учун қисқа муддатли курслар ташкил этдик. Ҳунар орқали инсонлар ўз ҳаётини ўзгартириш мумкин.
Бугун ҳар қайси ёшнинг орзуси бирон офисда ишлаш. Ҳунар билан тирикчилик қилиш эса баъзан қадрсиз меҳнатдек туюлади.
Бухоролик машҳур зардўз уста Бахшулло Жумаевнинг фикрича, ҳунарни асраш – тарихни асрашдир.

Ҳар бир уста бир мактабни, бир тарихни кўтариб юради. Ҳунарни фақат моддий манфаат сифатида кўриш нотўғри. У инсонни сабрга, меҳнатга ва маънавий етукликка ўргатади.
Ҳозир ёшлар орасида қизиқиш бор, лекин уларни тўғри йўналтириш керак. Ҳунарни йўқотсак, ўзлигимизнинг бир бўлагини йўқотамиз.
Зардўз уста ёшларга шундай мурожаат қилади:
– Қўлида ҳунари бўлган ёш ҳар қандай шароитда ҳаётда йўл топади. Ҳунар инсонни бой қилади, лекин биринчи навбатда у инсонни инсоний жиҳатдан улғайтиради.

Фарғона,лик кулол уста Бахтиёр Назиров эса ҳунарни қайта тиклаш масаласини шундай изоҳлайди:
– Кулолчилик бу фақат лой билан ишлаш эмас, бу туйғуларни шаклга солиш. Сўнгги йилларда “уста-шогирд” анъанаси сусайди, лекин биз буни қайта тиклаш учун ҳаракатдамиз. Коллеж ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтирмоқдамиз. Ҳунарни замонавий дунё билан уйғунлаштириш мумкин ва керак.

Технологиялар даври бўлса ҳам, инсонни компьютер эмас, қалб ва маданият тўкис қилади. Ҳунар – миллатнинг “муҳри”. Агар биз ҳунарни сақласак, тарихимизнинг бир бўлагини сақлаймиз.
Ҳунарлар ҳақида музейларда маълумотлар бор, ҳужжатли фильмлар суратга олинади. Лекин бу кифоями?
Аслида, ҳунарни ҳаётга қайтаришни фестиваллар, кўргазмалар, амалиёт дарслари, ижтимоий тармоқлардаги интерактив лойиҳалар орқали ёшларга тушунарли услубда етказиш лозим.

Зеро, бугун ёшлар контент истайди. Ва агар биз ҳунарларни замонавий форматда тақдим этсак, у яна қадр топади.
Ҳунарларни сақлаш, ривожлантириш бу иқтисодий ёки эстетик масала эмас. Бу миллий онг, маънавий мустақиллик ва маданий узлуксизлик масаласи. Агар бугун ҳаракат қилмасак, эртага фарзандларимиз “қўлда тўқилган гилам”, “мисгар уста”, “зардўзлик” деган сўзларни энциклопедиядан қидиради.
Нилуфар Бозорова, ЎзА