“Ҳумо” мавсумнинг илк ўйинини ўтказди
Тошкентнинг “Ҳумо” хоккей клуби шу кунларда ўтказилаётган Қозоғистон кубоги баҳсларида иштирок этмоқда.
Кеча, 24 август куни ҳамюртларимиз мусобақа тавқимига биноан илк ўйинни "Сариарка" (Караганда) жамоасига қарши ўтказди.
Ушбу учрашувнинг тўлиқ вақтида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Қўшимча бўлимдаги муросасиз ўйин давомида дуранг натижа ўзгаришсиз қолди. Пенальтилар сериясида эса қозоғистонликларнинг қўли баланд келди.
Айтиш лозим, Қозоғистон кубогида жамоалар учта гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларда қатнашмоқда. "Ҳумо" "А" гуруҳида "Сариарка", "Актобе" ва "Кулагер" жамоалари билан етакчилик учун кураш олиб боради.
Энди вакилларимиз эртага, 26 август куни Актобенинг “Актобе”си билан, 28 август куни эса Петропавловскнинг “Кулагер” жамоаси билан куч синашади.
Кубок мусобақалари 1 сентябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА