
Вақт шитоб билан ўтмоқда. Кундан кунга илм-фан соҳасида янгидан янги изланишлар олиб борилмоқда, кишининг ақлига сиғмас кашфиётлар яратилмоқда.
Бугунги кун ўқувчилари ҳам интернет тармоқлари орқали янгиликлардан баҳраманд бўлиб, ақлий салоҳияти ортиб бормоқда. Ҳатто умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг қизиқишлари, ўзини қизиқтираётган саволлари бугунги кун ўқитувчиларини ўз устида тинимсиз ишлашга мажбурлаётгани айни ҳақиқат.
Ўқитувчи, аввало, ўзи мукаммал билим соҳиби бўлиши керак. Шундагина ундан таҳсил олаётган ўқувчилар ўқитувчилардан қониқиш ҳосил қилади. Бу йўлда эса ўқитувчи ва педагогларнинг малакасини ошириш вазифаси Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти елкасига тушади. Хўш, бу вазифани институт қай даражада бажаряпти, жорий йилда институт мутасаддилари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида А.Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини аниқлаш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти директори Аюбхон Раджиев билан суҳбатлашдик.
– Ҳукумат танқидидан сўнг қайта ташкил этилган А.Авлоний номидаги илмий тадқиқот институти йил давомида қандай натижаларга эришди?
– Бу йил А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги тегишли қарори билан А.Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини аниқлаш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти бўлиб қайта ташкил этилди ва 14 та малака ошириш ҳудудий марказлари учун методологик мувофиқлаштирувчи этиб белгиланди.
Бунгача эса тизимга бўлган эътирозлар, танқидлар ортида қолган институт аслида халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларнинг малакасини ошириб келган, педагог ходимлар малакасини ошириш бўйича масъул бўлмаган. Қайта ташкил этилган ташкилотда функционал вазифалардан келиб чиқиб, институт ва марказларда юқори салоҳиятли кадрларга эҳтиёж туғилди ва вакант лавозимларга кадрларни Давлат хизматларини ривожлантириш агентлигининг очиқ танлови орқали суҳбат асосида танлаб олиш йўлга қўйилди. Институтнинг янги жамоаси ишни ўз юзини, брендини ўзгартиришдан бошлади. Институтнинг бутун тизим учун бренди, логотипи яратилди.
Қисқа фурсатда институтнинг мақсад ва вазифалари, фаолияти, тузилмаси ва брендининг мазмун моҳияти, малака ошириш ҳудудий марказлар тузилмаси ҳам акс этган, ўз вақтида ахборотларни, янгиликларни етказадиган ўзбек, рус ва инглиз тилларида расмий веб-сайти – avloniy.uz ишга туширилди. Бугун институт исталган оммавий ахборот воситаси учун очиқ ташкилот бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкин.
– Хўш, малака ошириш тизимида нима ўзгарди? Нима сабабдан халқ таълими малака ошириш тизими халқ, жамият ва ҳатто Ҳукумат танқидига учраган эди?
– Амалдаги тартибга кўра, умумтаълим мактаб директорлари ҳар 3 йилда бир марта ва педагог ходимлар ҳар 5 йилда бир марта малакасини ошириб келган. Бу дегани қолган 4 йилу 11 ой ўқитувчи янгилик ва ахборотлардан хабарсиз қолган. Ўқитувчилар қандай билим, кўникмага эга бўлишидан қатъий назар бир хил малака ошириш курсларига мажбуран жалб қилинган. Яъни, уларнинг касбий эҳтиёжлари ўрганилмаган. Бу каби камчиликларни аниқлаш мақсадида А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан тизим ходимлари иштирокида сўровномалар ўтказилиб, камчиликлар аниқланди.
Эндиликда эса тегишли қарорга мувофиқ, мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2021 йил март ойидан бошлаб, ҳаёт давомида ўқиш тамойилига асосланган Халқ таълими ходимларининг ҳар йили малакасини оширишини кўзда тутувчи Узлуксиз касбий ривожлантириш тизими жорий этилди. А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси ишга туширилди. Мазкур платформада рўйхатдан ўтган педагог малака ошириш курсларининг диагностика тестини ечишдан бошлайди. Бу билан унинг касбий бўшлиқлари аниқланиб, тингловчининг индивидуал траекторияси шакллантирилади ва шу орқали унга курслар ташкил этилади. Платформага малака ошириш контентини яратишда илк бор хорижий ва маҳаллий хусусий сектор вакиллари жалб этилди. 4 минг 520 дақиқалик 291 та видеокурслар яратилди. Платорма орқали йил охиригача 147 минг 139 нафар тизим ходимлари малакаси оширилди.
– “Узлуксиз касбий таълим” платформаси ўқитувчиларга қандай имконият ва қулайликлар берди?
– Эндиликда улар ишдан ва оиладан ажралмаган ҳолда, касбий эҳтиёжига кўра, ўзи истаган жойда ва истаган вақтда малака ошириш имкониятини берди. Олдин эса педагог ходимлар ишдан ажралган ҳолда 1 ойга мажбурий малака оширишга жалб этилган. Бунда ҳам оилавий ҳам моддий қийинчиликлар, мактабдаги ўқувчиларнинг бир ой ўз ўқитувчисидан таълим ололмаслик муаммолари мавжуд эди. Ўтказилган сўровномалардан кейин тизимдаги коррупцион ҳолатларга сабаб бўлган омиллар бартараф этилди, яъни малака иши, тест, имтиҳон олиб ташланди. Якуний тестлар билан боғлиқ чекловлар бекор қилиниб, тестлардан ўтиш бали 70 дан 56 фоизга туширилди.
Малака оширишга 5 йилда бир марта ёки 3 йилда бир марта келган тингловчилар курсда ўқитилаётган маърузалар янгиланмаганидан шикоят қилишган. Янги Узлуксиз ривожланиш тизимида эса халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан институт томонидан контентларни ҳар йили янгича ахборотлар билан бойитиб, янгилашга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий этиш, ўқувчи ва ўқитувчиларни ўқув натижаларини баҳолаш, ҳорижий тилларни ўқитиш, ўқитувчиларнинг малака тоифаларига тайёрлаш, тестология каби йўналишларда 16 та илмий-амалий лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Бугунга қадар мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитишда муаммолар талайгина эди. Мазкур муаммоларга ечим топиш мақсадида Рус тилини ўқитиш сифатини оширишга қаратилган “ЗЎР!” (“КЛАСС!”) лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунда жами 225 нафар россиялик мутахассис 185 та мактаб ва 14 та марказда фаолият юритишди. 3674 нафар рус тили фани ўқитувчилари ҳамда 751 нафар ўқувчилар махсус сертификат олишди.
Инглиз тили бўйича эса Британия консуллиги билан “Future English in Uzbekistan” лойиҳаси олиб борилди ва 3000 нафар инглиз тили ўқитувчилари малакаси оширилди. Халқаро ҳамкорлар билан фақатгина ўқитувчилар учун эмас Шимолий Джоржия университети билан мактаб директорларининг лидерлик компетенцияларини ошириш ва STEAM фанларини мактабга жорий этишга қаратилган “Мактабларда лидерлик ва STEAM” лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Бунда 25 нафар мактаб директорининг малакаси оширилди ва ушбу курс асосида 16 та видеоконтентлар яратилиб, платформага жойланди.
Юқорида айтганимиздек, ўқитувчилар узлуксиз малака ошириш учун “Узлуксиз касбий ривожлантириш – 2022” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу лойиҳада 22 та фан ўқитувчилари ва умумтаълим мактабларининг ўқув-тарбия, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари учун узлуксиз касбий ривожлантириш курслари замонавий ишчи ўқув режа ва дастурлари, мактабларда низоларни ҳал қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ўқувчиларни хавф гуруҳидан чиқариш учун мактаб ўқитувчилари ва психологлари малакасини ошириш юзасидан махсус дастурлар ишлаб чиқилди.
– Маълумки, Ўзбекистон таълими ҳам халқаро даражада очиқ баҳоланмаган. Эндиликда эса мамлакатимиз ҳам илк бора Халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, PIRLS, TIMSS)да иштирок этмоқда. Хўш, бунга ўқитувчи ва ўқувчиларимиз тайёрми?
– Институт томонидан мана шу халқаро баҳолаш дастурларига тайёрланиш механизмларини яратиш бўйича “STesting” лойиҳаси амалга оширилди. Мазкур лойиҳа доирасида 1 миллион 710 минг нафар 4, 8 ва 9-синф ўқувчилари учун PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик бўйича Stesting.uz тренажёр платформаси ишга туширилди. Платформага 1000 тадан ортиқ тестлар жойлаштирилди. Ўқитувчиларни шу йўналишда малакасини ошириш учун 103 та видеокурс ишлаб чиқилди.
– Ўқитувчилар малакасини ошириш, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш ва бу жараёнларда халқаро тажрибалардан фойдаланиш мақсадида халқаро хамкорликлар ҳам ўрнатилмоқдами. Шу ҳақда маълумот берсангиз?
– Институт 2021 йил давомида умумий 22 та ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатди. Шундан 20 таси халқаро ташкилотлар ва 2 та маҳаллий ташкилотлар. UNICEF, UNESCO, USAID, Жанубий Кореянинг KEDI, KECI, KAIST институтлари, Малайзиянинг Аминуддин Баки номидаги малака ошириш институти, АҚШнинг Georgia, Pittsburg университетлари, Россиянинг РАО, РИСИ ташкилотлари, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ташкилотлари билан ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.
АҚШнинг USAID ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳамда RTI ташкилоти томонидан олиб борилаётган “Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури” доирасида Наманган ва Сирдарё вилоятларида 800 нафар инглиз тили, 316 нафар информатика фани ўқитувчилари малакаси оширилди. UNICEF билан ҳамкорликда Ўқитувчининг касбий стандарти ишлаб чиқилди ҳамда у асосда 69 минг нафар бошланғич синф ўқитувчилар малака оширилмоқда. Бунгача эса педагог ходимлар фаолиятининг касб стандарти мавжуд бўлмаган.
– Институтда илмий кадрларни тайёрлаш, илмий салоҳиятни юксалтириш юзасидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Институтнинг илмий ходимлари ва таянч докторантлари, стажёр тадқиқотчиларининг 112 та тадқиқот натижалари нашр эттирилди. “Таълимда менежмент” ихтисослиги бўйича 10 нафар таянч докторант, 9 нафар мустақил изланувчи, 2 нафар стажёр-тадқиқотчи қабул қилинди. Кадрлар тайёрлашда узвийликни таъминлаш мақсадида Халқ таълими тизимида илк бора “Катталар таълими” ва “Таълим менежменти” мутахассислиги бўйича магистратура ташкил этилиб, 30 нафар магистр қабул қилинди. Илмий даражалар берувчи Илмий кенгашда йил давомида 6 нафар тадқиқотчининг диссертация ҳимояси (PhD) ўтказилди.
TALIS-2018 тадқиқоти сўровномаси асосида 12 минг 446 нафар респондент иштирокида сўровнома-тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот натижалари Сингапур, Япония, Саудия Арабистони, Финландия, Россия, Латвия, Нидерландия, АҚШ каби мамлакатлар натижалари билан қиёсий таҳлил қилинди ҳамда тадқиқотнинг 1-қисм ҳисоботи чоп этилди. Институтнинг “Халқ таълими: муаммолар, изланишлар, ечимлар” илмий-услубий журнали ташкил этилиб, 1-сони нашр этилди. Шунингдек, янги функционал вазифаларни амалга оширишдаги институт фаолияти тўғрисида ОАВларда 83 маротаба ва ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларда 876 маротаба ёритилди.
– Келажакдаги режалар, амалга ошириладиган ишлар, долзарб вазифалар ҳақида маълумот берсангиз?
– Албатта, институт 2022 йил учун ҳам долзарб режалар, амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олган. Асосийларини санайдиган бўлсак, 4 та кўникма бўйича Ўзбек тилини билишни баҳоловчи миллий тизими ишлаб чиқилади, 14 та фан ўқитувчиларини малака тоифасига мақсадли тайёрлаш тизими жорий этилади. “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали 10 минг нафар мактаб директори ва ўринбосари, 1 минг 600 нафар методист, 250 минг нафар ўқитувчиларнинг малакаси оширилади. 1 минг 400 та вариатив онлайн видеокурс яратилади.
Шунингдек, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда 14 минг нафар 8-10 синф ўқувчиларининг математика фанидан билимларини баҳолаш тизими ишлаб чиқилади. Ўқитувчилар учун малака оширишнинг 15 та муқобил шакли жорий этилади. Кимё, биология физика ва математика фанлари ўқитувчилари учун биринчи ва олий тоифага тайёрлаш курслари жорий этилади. “ЗЎР!” лойиҳаси доирасида 150 нафар россиялик мутахассис 125 та мактабда рус тилини ўргатиши ташкил этилади.
4 минг нафар рус тили фани ўқитувчилари ва 500 нафар ўқувчи махсус сертификат олиши учун тестлар ташкил этилади. Ҳудудлар ва фанлар кесимида ўқитувчилар миллий захираси базаси яратилади. Бунда иш берувчи ва талабгор ўқитувчилар учун шаффоф тизим – платформа ишга туширилади. 200 ўринга мўлжалланган замонавий конференция зали ишга туширилади. Хулоса қилиб айтганда, институт педагог устозларимизга қулай шароитлар яратиш ва таълим сифатини ошириш мақсадида юқори марраларни кўзлаб ишлаяпти.
ЎзА мухбири
Файзулло Яҳёев
суҳбатлашди