"Ҳукумат соати"да битирувчилар бандлиги масаласи кўтарилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, таълим жараёнларини меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов депутатларнинг саволларига жавоб берди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, таълим жараёнларини меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада қабул параметрларини иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларига мослаштириш, иш берувчилар иштирокини кенгайтириш, рақамли хизматларни жорий этиш ҳамда талабаларнинг замонавий компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вазир қайд этишича, олий таълим тизимида давлат буюртмасини шакллантириш меҳнат бозори эҳтиёжлари, иқтисодиёт тармоқлари талаблари ҳамда битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичлари таҳлили асосида амалга оширилмоқда. 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларга бўлган прогноз талаби асосида тўрт йиллик давр учун тасдиқланди. Бу эса таълим тизими билан иқтисодиёт эҳтиёжлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-30397]
2026/2027 ўқув йили учун давлат гранти асосидаги қабул квоталари 36 минг 23 тани ташкил этди. Шунингдек, бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий қабул параметрлари 234 мингдан ортиқ этиб белгиланди. Қабул параметрларини белгилашда муҳандислик, ахборот технологиялари, педагогика ва аграр соҳаларга бўлган эҳтиёжлар устувор ҳисобга олинмоқда.
Олий таълим муассасаларида иш берувчилар билан ҳамкорликнинг янги институционал механизмлари жорий этилмоқда. Жумладан, корхоналарда кафедра филиаллари ташкил этилмоқда, олий таълим муассасалари ҳузурида ҳамкорлик кенгашлари фаолият юритмоқда. Спин-офф корхоналар ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизими кенгайтирилмоқда.
“Ҳукумат соати”да қайд этилганидек, сўнгги йилларда олий таълим қамровининг кенгайиши натижасида битирувчилар сони ҳам изчил ўсмоқда. 2025/2026 ўқув йилида олий таълим муассасаларини 323 мингдан ортиқ талаба тамомлади. 2027 йилда эса меҳнат бозорига 390 мингдан ортиқ битирувчи кириб келиши прогноз қилинмоқда. Битирувчиларнинг иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотини таъминлаш мақсадида мамлакат бўйлаб “ТалабаЭкспо” касб кўргазмалари, меҳнат ярмаркалари ва маҳорат дарслари мунтазам ўтказилмоқда. Жорий йилда 378 та меҳнат ярмаркаси, 1 минг 243 та воркшоп ташкил этилди. Уларда 7 минг 700 дан ортиқ иш берувчи иштирок этиб, 144 мингдан зиёд битирувчи қатнашди. Қарийб 18 минг нафар ёш билан ишга қабул қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, “ТалабаЭкспо – 2026” доирасида эса мингдан ортиқ йирик иш берувчи иштирок этди. 60 мингга яқин талаба ва битирувчи қатнашган мазкур тадбир натижасида 9 минг 347 нафар талаба билан ишга жойлашиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Шу билан бирга, таълим дастурлари халқаро тажриба асосида такомиллаштирилмоқда. ТОП-300 таликка кирган хорижий университетлар ўқув дастурлари асосида минглаб таълим дастурлари янгиланди, янги дарсликлар ва электрон таълим ресурслари яратилди.
Муҳокамалар давомида битирувчиларни ишга жойлаштириш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида “career.edu.uz” электрон платформаси ишга туширилгани алоҳида қайд этилди. Платформа орқали битирувчиларнинг бандлик ҳолати реал вақт режимида мониторинг қилиниб, иш берувчиларга муносиб номзодлар тавсия этилмоқда ҳамда талабаларга мутахассислигига мос бўш иш ўринлари таклиф қилинмоқда.
Рақамли мониторинг натижасида битирувчиларнинг бандлик кўрсаткичлари изчил яхшиланмоқда. Жумладан, 2026 йилнинг май-июнь ойлари давомида иш билан банд бўлмаган битирувчилар сони қарийб 19 минг нафарга қисқарган. Шунингдек, техникум битирувчиларининг амалиёт ўташи, шартномаларни расмийлаштириш, давомат ва бандлик мониторинги ҳам босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.
Вазирнинг таъкидлашича, бугунги кунда барча таълим йўналишлари талабалари учун сунъий интеллект, рақамли технологиялар, ахборот технологиялари ва рақамли саводхонлик бўйича қўшимча компетенцияларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, талабалар учун сунъий интеллект бўйича халқаро таълим платформалари билан интеграция йўлга қўйилди. Бу уларга замонавий рақамли кўникмаларни эгаллаш ва халқаро даражада тан олинадиган сертификатларга эга бўлиш имконини яратмоқда.
Муҳокамалар давомида сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ҳам соҳадаги долзарб масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси вакиллари меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиқиб, олий таълим классификаторига сўнгги йилларда қандай янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлари киритилгани юзасидан саволлар берди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари инсон капиталини ривожлантириш, ёшларимизнинг эгаллаган касби ва мутахассислиги бўйича муносиб иш ўрнига эга бўлиши нафақат иқтисодий, балки миллат келажаги билан боғлиқ стратегик масала эканини таъкидлаб, career.edu.uz платформасида резюме шакллантирган битирувчиларнинг қанча қисми иш билан таъминлангани, шундан қанчаси ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашгани билан қизиқди.
“Адолат” СДП фракцияси томонидан битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан олий таълим ташкилотлари ректорлари учун қандай аниқ KPI ва шахсий жавобгарлик мезонлари белгиланганига эътибор қаратди.
ЎзХДП фракцияси марказ ва ҳудудлар ўртасидаги “рақамли тафовут” ёшлар учун янги ижтимоий тенгсизликка айланиб қолмаслиги учун вазирлик томонидан ҳудудий олийгоҳлар кесимида аниқ молиявий манбалари, муддатлари ва натижавий кўрсаткичлари белгиланган алоҳида дастур ишлаб чиқилгани билан қизиқди.
Экологик партия фракцияси депутатлари эса “яшил” иқтисодиётга ўтиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш вазифаларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида тайёрланаётган кадрлар таркиби ва таълим дастурлари “яшил иш ўринлари” эҳтиёжларига қай даражада мослаштирилганига оид масалани кўтарди.
Вазир депутатларнинг саволларига жавоб бериб, улар томонидан билдирилган таклифлар соҳани янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Н.Насриев,
ЎзА