Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди.
Унда депутатлар “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тизимини янада такомиллаштириш, шу жумладан, давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш учун имтиҳонларни “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди.
Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан депутатларнинг саволларига Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов жавоб берди.
“Ҳукумат соати”да депутатларнинг олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари ва олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун мақсадли қабул квоталарини шакллантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича саволларига вазир томонидан батафсил жавоб берилди.
Маълум қилинишича, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 майдаги тегишли фармонига асосан 2024/2025 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрларига таклифлар бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида шакллантирилган. Бунда муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, табиий фанлар, АКТ соҳалари йўналишлари бўйича давлат гранти квоталари оширилиши таклиф этилган.
Шунингдек, умумий қабул квоталари (грант ва контрактга ажратилмаган ҳолда) олийгоҳларнинг таклифлари асосида шакллантирилмоқда. Ушбу таклифлар Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этилади. Бунда умумий қабул параметрлари олийгоҳлар, йўналишлар, таълим тили, таълим шакли бўйича тасдиқланади. Умумий қабул квоталари бакалавриатга 200 мингдан ортиқ бўлиши шубҳасиз ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 43 фоиздан ошишини таъминлайди.
Мақсадли қабул квоталари эса ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб давлат гранти квоталари доирасида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
“Ҳукумат соати”да олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш имтиҳонларига “аввал тест, сўнг танлов” механизмини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам батафсил тўхталиб ўтилди.
Конгратбай Шариповнинг қайд этишича, 2024/2025 ўқув йили учун бакалавриатга қабул бўйича рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи жорий йил 5 июнь кунидан бошланди ва 25 июнгача давом этади. Бунинг учун абитуриентларга фақат тест синовлари ўтказиладиган йўналишларга тест топширадиган фанлар, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлаш, шунингдек, ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишларга эса бакалавриат таълим йўналиши ва ижодий имтиҳон топшириладиган олийгоҳни танлаш имконияти яратилди.
Рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи якунлангандан сўнг, 1-25 июль кунлари ижодий имтиҳонлар, 14-28 июль кунлари тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур тадбирлар бўйича вазирлик, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда олийгоҳлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, абитуриентлар ижодий имтиҳонда тўплаган балини ўша куннинг ўзида, тестда тўплаган балини эртасига билиши мумкин бўлади. Ижодий имтиҳон ва тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг, 15 кун давомида рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида абитуриентлар тест балларидан келиб чиқиб, 5 тагача олийгоҳ (йўналиш), таълим шаклини, танлов устуворлигини, ижодий имтиҳон ўтказилган йўналишлар учун эса қўшимча равишда танланган йўналиш бўйича яна шунча олийгоҳни танлаш ҳуқуқига эга.
Депутатлар бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни ижобий баҳолаган ҳолда, олий таълим йўналишларини мақбуллаштириш, таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўйича қилинаётган ишларга қизиқди.
Вазир ўз жавобида олий таълимнинг меъёрий-услубий ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиққан ҳолда, айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларга кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари классифкатори 40 фоизга, жумладан, 306 та бакалавриат таълим йўналишлари 183 та мақбуллаштирилган ҳолда тасдиқланганини қайд этди.
Шу билан бирга, педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари талабалари учун 2-курсдан бошлаб ҳафталик ўқув машғулотларини “4+2” тартибида, жумладан дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни мактабгача, умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларида амалиёт ўташ шаклида олиб борилишини таъминлашга қаратилган ишлар давом эттирилишини маълум қилди.
“Ҳукумат соати”да Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев олий таълим, фан ва инновациялар вазиридан адолатли рейтинг баҳолашни назорат қилиш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича изоҳ сўради.
Шу билан бирга, талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масаласи кўтарилди.
ЎзА