Қадимдан лочин, қарчиғай, бургут сингари йиртқич қушларни овчига айлантиришнинг ўз қоидалари бўлган. Қушлар полапонлигидан ёки катталари тутилиб қўлга ўргатилган. Қушчининг саъй-ҳаракатлари натижа бера бошлагач, бу қушлар овга солинган. Оч қолган қуш овга астойдил ташланиши учун овдан олдин бир неча кун емаксиз қолдирилган. Қушлар, жумладан, лочинлар билан ов қилиш жараёнининг ҳам ўзига хос тартиб ва анъаналари бўлган.
Ов қушлари, айниқса, лочинлардан дипломатик муносабатларни мустаҳкамлашда, ҳукмдорларнинг кўнглини олишда ажиб совға сифатида фойдаланилган. Ҳукмдорлар лочин билан овга чиқишга қизиққанлар. Шу сабабли овга уста лочинлар уларни лол қолдиришнинг усулларидан бири бўлган. Бундай лочинларнинг баҳоси ҳам шунга мос бўлиб, баъзида от ва туя баҳосига тенг бўлса, аксар ҳолларда бундан ҳам қимматга баҳоланган. Шу сабабли, ҳар ким ҳам яхши овчи лочинга эга бўлавермаган. Қуйида Ватанимиз тарихидаги лочинлар билан боғлиқ айрим қизиқарли маълумотларни қайд этмоқчимиз.

Бургут ва лочин Хоразмнинг ҳукмронлик рамзлари бўлган. Тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг X аср иккинчи ярмида яшаган аллома Муқаддасийнинг маълумотига таяниб ёзишича, ўша вақтларда Булғор подшоҳлигидан Хоразмга лочинлар келтирилган. Кейинги асрларга оид манбаларда 1181 йилда Хоразмшоҳ Такишнинг Озарбайжон отабеги Муҳаммад Жаҳон Паҳлавонга элчилар орқали совға сифатида ов лочини юборгани битилган. Шиҳобиддин Муҳаммад Насавийнинг ёзиб қолдиришича, Араб халифаси Мустансир Жалолиддин Мангубердига юборган улкан туҳфалар орасида кичкина марварид қадалган қалпоқча кийдирилган ўнта лочин ҳам бўлган.
ЛОЧИННИНГ ХУЛҚИ – ПОДШОҲЛАР ХУЛҚИГА ЎХШАЙДИ
Илмда ҳам, ижодда ҳам ўзини Абу Али ибн Синонинг ҳассос ва садоқатли шогирди деб ҳисоблаган Умар Ҳайём қаламига мансуб «Наврўзнома» асарида лочинлар ҳақида қизиқарли маълумотлар учрайди. Муаллиф лочиннинг оёғи олтин занжир билан боғланса, у овда жасур ва шиддаткор бўлишини ёзган. Лочин ва унинг фазилати, у ҳақда нималарни билиш кераклиги, лочин танлаш борасида сўз юритган Умар Ҳайём: «Лочин подшоҳлар овлоғининг улфатидир. У билан қувонадилар, уни севадилар. Лочиннинг хулқи ўзининг нозиклиги ва покизалиги билан подшоҳларнинг хулқига ўхшайди», деб таъриф берган. Лочинда бошқа ҳайвонларда йўқ бўлган улуғворлик борлигини қайд этган муаллиф, подшоҳлар қўлидаги лочиннинг хатти-ҳаракатларини келажакда юз берадиган бирор ишнинг аломатига йўйган:

«Подшоҳлар уни томоша қилишнинг яхши аломати бор дейишади. Лочин подшоҳ қўлига тез ўтириб, унинг юзига қараса, бу подшоҳ янги вилоят олишини билдиради, агар акси бўлса, аксинча бўлади. У кўтарилаётганда бошини эгиб туриб кўтарса, подшоҳлик ишларида таназзул бўлишини билдиради, овни тутиб, қийқириб қайтса, қўшинда ғалаён бўлишини билдиради. Агар кўтарилиш пайтида овни ола олмаса, зарар кўрилишини билдиради. Агар у ўнг кўзи билан осмонга қараса, подшоҳлик ишлари юксалади. Агар чап кўзи билан қараса, зарар бўлади. Агар у ерга узоқ қараб қолса, машғулликни билдиради. Лочин овлоқда бошқа лочин билан жанг қилса, янги душман пайдо бўлади».
ТЎХТАМИШНИНГ ТЕМУР ҲАТТО НИГОҲ ТАШЛАМАГАН ЛОЧИНИ
Амир Темур даврида Шарқ ва Ғарбдан келтирилган ов лочинлари жуда қадрланган. Темур билан яхши дипломатик муносабат ўрнатиш, унинг кўнглига йўл топиш мақсадида келган элчиларнинг аксари туҳфалар қаторида лочинлар ҳам олиб келишган. Бироқ бу ажиб совға ҳар доим ҳам иш беравермаган. Соҳибқирон Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхонга қарши биринчи асосий юришга чиққач, Ўтрор яқинида унинг ҳузурига Тўхтамишхоннинг элчилари келади. Тарихчи олим Турғун Файзиевнинг маълумот беришича, Амир Темур Тўхтамишхон элчиларини яхши кутиб олишни буюради. Қабул маросимида элчилар Амир Темурга кўплаб ҳадялар, шу жумладан, бир лочин тортиқ қиладилар. Амир Темур қабул расм-русумларини бузмаслик учун лочинни олиб қўлига қўндиргану, лекин лочинга ҳатто қарамаган ҳам. Бу билан мазкур совғалар уни мутлақо қизиқтирмаслигини намойиш этган.
Манбаларда соҳибқирон уюштирган катта базмлар, ташриф буюрган элчиларнинг туҳфаларни тортиқ этиш жараёнлари ҳақида ҳам сўз боради. Амир Темур 1404 йил 29 сентябрда Хитой мамлакати билан чегарадош, илгари Хитой салтанати тасарруфида бўлган бир мамлакатдан келган элчилар шарафига Самарқандда базм уюштиради. Мазкур элчилар Темурга сувсар, ошланмаган оқ тулки ва суғур мўйналари ҳамда лочинлардан иборат совға тақдим этадилар. Бу воқеага шахсан гувоҳ бўлган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ёзишича, Темур шу куни ушбу элчилардан совға қабул қилмоқчи бўлмайди. Бироқ совғаларни олиб келганликлари учун уни кўздан кечиради.
Самарқандга – Амир Темур саройига юборилган испан элчиси Клавихонинг ўзи ҳам соҳибқиронга аталган совғалар қаторида бир неча лочинларни олиб келган.
Олис сафар жараёнида лочинлар билан боғлиқ қизиқ воқеалар ҳам бўлган. Масалан, элчилар Амир Темурнинг жияни Сулаймоншоҳ ўрдасига етганларида Темурнинг шу ерда бўлган набираси Султон Ҳамид Мирасса элчилар ўз қиролидан Темурга совға сифатида олиб бораётган лочинлардан бирини ўзига беришларини сўрайди.
«Бобом мен олиб қолганимни эшитса, хафа бўлмайдилар», деб Сулаймоншоҳга мурожаат қилади. Сулаймоншоҳ: «Бундан подшоҳ, албатта, хурсанд бўлади», деб лочинлардан бирини унга ҳадя қилади. Бу воқеа ортда қолиб, орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Домғонга етганда совға сифатида олиб борилаётган овчи лочинлардан бири ўлади.
ЛОЧИН БИЛАН ОВ ҚИЛИШНИ ЁҚТИРГАН АСТРОНОМ
Кўплаб темурийзодалар лочин билан ов қилишни хуш кўришган. Тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг «Мужмали Фасиҳий» асарида темурий мирзоларнинг лочин билан ов қилиш учун Марв, Серахс, Тус ва Машҳадга борганликлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд. Айни шу асарда 1417 йилда Хитой ҳукмдори Дай-Минг хондан иккинчи марта келган элчилар темурийлар ҳукмдори Шоҳрух Мирзога қимматбаҳо совғалар қатори лочинлар ҳам олиб келишгани қайд этилган. Мазкур ҳукмдорнинг элчилари Шоҳрух саройига 1419 йилда учинчи марта келганларида ҳам етти бош лочин келтирганлар. Шоҳрух мирзога Хитой ҳукмдорининг хатини ҳам топширганлар. Хатда ҳукмдор ушбу етти бош лочинни ўз қўли билан овга учирганини айтиб, қуйидагиларни қайд этган: «Бизнинг мамлакатимиз – Хитойда лочинлар бўлмаса-да, уларни бизга ҳар доим ҳадя сифатида денгиз соҳилларидан олиб келадилар. Шу боис, биз улардан танқисликни ҳис қилмаймиз. Сизнинг [юртингизда] эса улар камдан-кам учрар экан. Биз уларни сизга атайин Олий Ҳазрат султон навозишийнинг бадалига қарамчи бўлсин, деб юбордик».
Ёзувчи ва олим Ғуломхон Ғафуровнинг маълумот беришича, Вашингтондаги Фрир галереясида «Улуғбек оила аъзолари ва сарой аҳллари билан лочин овида» деган миниатюра сақланмоқда. Бу миниатюра Мирзо Улуғбекнинг лочин овларидан бирида иштирок этган мусаввир томонидан 1441–1442 йилларда чизилган деб, тахмин қилинади. Тарихчи Амриддин Бердимуродовнинг ёзишича, Темурий шаҳзодалар ёшлигиданоқ овнинг бу усули билан яқиндан таниш бўлганлар, чунки лочин билан ов қилиш ҳарбий таълимнинг бир қисми ҳисобланган. Ҳатто Улуғбек ҳарбий ишларда унчалик моҳир бўлмаса ҳам, лочин билан ов қилишни жуда севган ҳамда ўлжалари сонини ёзиб юриш учун махсус кундалик тутган.
Тарихчи олим Хондамир темурийларнинг Хуросондаги ҳукмдори Абулқосим Бобур ҳаётидаги лочин билан боғлиқ бир воқеа ҳақида ҳикоя қилган. Абулқосим Бобур 1457 йил 29 февралда Машҳаддан Родгон сайҳонлиги сари юриб, бир неча кун ов қуши учириш билан машғул бўлган. Ўша кунларда Абулқосим Бобур жуда ёқтириб, меҳр билан қаттиқ парвариш қилган «Оқ шунқор» номли лочинининг тўсатдан тирноғи синган. Бу воқеа подшоҳнинг кўнглига оғир келиб, тезда Машҳадга қайтган. Мазкур воқеа шароб ичишдан тавба қилган Абулқосим Бобурнинг яна ичкиликка берилишига сабаб бўлган. Натижада у 22 март куни вафот этган.
БОБУРНИ ҲАМ ҚУШЧИ ҚИЛГАН ЛОЧИН
XV асрнинг охири ва XVI асрнинг бошларида яшаган Шайхул Ислом Ҳаравий Самарқандий «Китоби сайдийя» («Ов ҳақида китоб») номли асар ёзган. Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадиуззамонга бағишлаб ёзилган ушбу асар форс-тожик ва араб тилларида битилган бўлиб, сўз боши ва ўн икки фасл (боб) дан иборат.
Унда ов ва уни ташкил этиш йўллари, балиқ, қуш ва ҳайвонларни овлаш; овчи ит, қирғий, лочинларни овга ўргатиш кабилар ҳақида сўз борган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида ҳижрий 915 йил (милодий 1509/1510 йил) воқеалари ҳақида ҳикоя қилар экан, Бигромга келганида яхши бир шаҳбози (лочини) йўқолгани ҳақида ёзган. Бобурнинг маълумот беришича: «Уни Шайхим Миришкор парваришлаган эди. Турна ва лайлакни яхши овларди, икки-уч марта туллаган эди. Шундай ов қилар эдики, мендек шаҳбоз овига ҳавассиз кишини ҳам қушчи қилиб қўйганди».
БУХОРО ХОНИ УЧУН СИБИРДАН КЕЛТИРИЛГАН ЛОЧИНЛАР
Шайбонийлар даври ҳарбий соҳаси бўйича йирик мутахассис Акбар Замоновнинг ёзишича, бошқа сулола ҳукмдорлари сингари шайбоний хонлар ҳаётида ҳам овчилик муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шунинг учун ҳам хон ҳузурида қушбеги (қушчи) ёки амири шикор лавозими бўлиб, у масъулиятли ҳисобланган. Амири шикор хон ва султонларнинг ов ҳайвонларини боқиш, асраш ва ўргатиш ишлари билан машғул бўлган. Қушчи ёки амири шикор тизимида бир қатор ихтисослаштирилган мансаблар бўлиб, улар орасида лочинчилар бошлиғи ҳам хизмат қилган.
Манбаларда бу даврда обрў-эътибори баланд кишиларга, дин уламоларига лочинлар совға қилингани ҳақидаги маълумотлар учрайди. Тарихчи олим Ҳалим Тўраевнинг қайд этишича, Бухородаги Жўйбор хожалари хонадонининг йирик вакили Хожа Саъдни шайбоний Абдуллахон II ўзига маънавий раҳнамо деб билган. Шу сабабли ҳам Абдуллахон II шайхга тез-тез қимматбаҳо туҳфа ва тортиқлар тақдим этиб турган. Ҳатто Бадахшонни ҳам Хожа Саъдга ниёз этган. Ўзи ов қилишни хуш кўрган Абдуллахон II Кўлобни эгаллагач, ўлжа олинган кўк от ва ов қушлари: бир қарчиғайни ҳамда бир неча Кўлоб лочинларини саралаб Хожа Саъдга узатган. Хожа Саъднинг ўз овчилик хўжалиги бўлиб, у жуда кўп миқдордаги овчи қушларга, жумладан, лочинларга эгалик қилган.
Рюриковлар сулоласидан бўлган сўнгги рус подшоси Фёдор 1594 йилда элчи Андрей Звенигородский бошчилигидаги 63 кишини Эронга жўнатади. Тарихчи Раҳима Алимованинг ёзишича, 1595 йил 18 январда Эрон шоҳи Аббос I элчини саройда қабул қилади. Элчи билан суҳбатда шоҳ бухоролик савдогарлар Абдуллахон II га Сибирдан учта лочин олиб келгани, Абдуллахон II лочинларнинг бирини Балх ноиби Абдулмўминга юборгани, Сибирдан ҳаммаси бўлиб йигирма еттита лочин келтирилгани ҳақида айтади. Шоҳ, шунингдек, Сибирдан ўз рақиби Бухорога сувсарлар ва қора тулки мўйналари келтирилгани ва у ердан Эронга олиб борилиши, шунинг учун бу ерда (Эронда) сувсарлар ва тулкилар арзонлигини таъкидлайди. Бунга жавобан Андрей рус подшоси Сибир хонига қимматбаҳо лочинлар, сувсарлар ва қора тулкиларни бухороликларга сотишни ман қилиб қўйганини маълум қилади.
АВРАНГЗЕБНИНГ ИЛТИМОСИ
Муҳаммад Толибнинг «Матлаб ут-толибин» асарида аштархонийлардан бўлган Имомқулихон ва Муҳаммадюсуфхожа Жўйборийнинг лочин овига чиққанликлари ҳақидаги нақл келтирилган. Унда айтилишича: «Имомқулихон ва хожа биргаликда қўлларида лочин ушлаб, уларни ғозларга учириб юборишганда, ҳар бири биттадан ғоз ушлашди. Хон ва хожа от чоптириб, лочинларга етиб олишди. Хон деди: Хожам, сиз отдан тушиб, лочин ва ғозларни олинг, мен сизнинг отингизга қараб тураман. У сўзида қаттиқ турди. Хожа, ноилож, отдан тушганида хон бир қўли билан унинг, иккинчи қўли билан ўз отининг жиловидан ушлаб турди. Амирлар ва сипоҳийлар атрофда қараб туришарди. Хожа лочин ва ғозларни кўтариб олгач, одамлар теваракдан от чоптириб келишди. Хожа лочинларга емиш бераётганида ҳам хон унинг отига қараб турди. Амирлар ва сипоҳийлар қўл қовуштириб туришарди. Шундан сўнг лочинларни миршикорларга беришди. Хожа ўз оти томон юриб, уни хондан олиб, сувор бўлди. Хон унинг отини берар экан, одамлар олдида деди: Сизнинг отингизга шу мақсадда қараб турдимки, бу ҳол сизга ҳужжат ва қоида бўлиб қолсин.»
Лочинлар аштархонийлар ва бобурийлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашуви жараёнида ҳам тилга олинади. Жумладан, Россия элчиси Иван Хохлов қуйидагича қайд этган: «Бухоро хони Имомқулихон Ҳиндистон подшосига лочин юборган эди. Балх хони Надр Муҳаммадхон бўлса, уни (Бухоро элчисидан) тортиб олди.
Шу сабабдан Ҳиндистон подшоси у билан савдо алоқаларини узди, савдогарларини Балх билан Бухорога юбормай қўйди, Бухоро савдогарларига Ҳиндистон молларини олиб кетишни ман қилди...» Имомқулихоннинг лочини Ҳиндистон қадар етиб бормаган бўлса-да, жияни Абдулазизхоннинг лочини Ҳинд ерларида парвоз қилди.
Аштархоний Абдулазизхон шоҳ Аврангзебнинг бобурийлар тахтига ўтириши муносабати билан унга қутлов мактубини юборди. Мактуб билан бирга янги ҳукмдорга туҳфа сифатида лочин, туяқуш каби бир қанча жониворлар жўнатилди. Бироқ бу жониворлар ўз жуфтисиз тортиқ қилинган эди. Айни шу жиҳатга эътибор қаратган Аврангзеб Абдулазизхонга ёзган жавоб мактубида шундай сўзларни битди: “(Эй) иқбол эгаси! Бир қанча тезучар обғоз лочинлари совға расми билан юборилган экан, улар кўп таълим ва тарбиядан сўнг яхши учадиган ва яхши равишлик бўлдилар. Яратганнинг хизматлари ва халойиқнинг муҳим ишларидан хотиржам бўлингач, марҳаматлик хотир учун ҳаёт белгилаб қўйган тузоқдан озод бўлиш йўлида шикор машғулотидан бошқа (бирор бир) дурустроқ баҳона ва сабаб йўқдир. Умид шуки, бу сафар ҳам бир қанча яхши, тезучар обғоз лочинларидан, уларнинг битта урғочи жўраси билан... юборилса. (Бу) албатта, (ўзаро) алоқаларнинг кучайиши ва дўстлик асосининг мустаҳкамланишига сабаб бўларди».
АМИР УМАРХОННИНГ ХОС ЛОЧИНЛАРИ
Тарихчи олим Муҳаммад Ҳакимхон тўранинг «Мунтахаб ут-таворих» («Йилномалар тўплами») асарида лочинлар билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар мавжуд. Муаллиф, жумладан, Амир Умархоннинг Марғилон ва Андижон томонга шикор учун боргани ҳақида ёзган. 1818/1819 йили Ёрмазорга келган Амир Умархон Андижон ва Марғилондаги пиёда ва отлиқ халқнинг барчаси атрофимда йиғилсинлар, дея фармон беради. Фармонга биноан 40 мингдан зиёд одам келади. Ўша ов учун йиғилган лочинлар сони уч мингга етади. Муаллифнинг ўзида қирқ лочин бор эди. Амирнинг ўзининг хос лочинлари уч юздан зиёд эди.
Хулоса қилиб айтганда, йиртқич ҳайвонлар ва паррандаларни овлаш мақсадида овчи қушлардан фойдаланиш ўзининг минг йилликлар давомида шаклланган анъаналарига эга. Овга ўргатилган қушлар, жумладан, лочинлар ёрдамида ов қилиш Туркистонда, айниқса, X–XVII асрларда оммавий кўриниш касб этган. Овга уста лочинлар элчилар томонидан ўзга юртлар ҳукмдорларига тортиқ сифатида олиб борилган. Ўргатилган лочин билан ов қилиш кўплаб ҳукмдорларнинг севимли машғулотларидан бўлган.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети магистранти