Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси аниқланади
“World Justice Project” халқаро ноҳукумат ташкилоти эълон қилган 2019 йил якунлари бўйича 2020 йил учун Ҳуқуқ устуворлиги индексида Ўзбекистон Республикаси максимал 1 баллдан 0,47 балл тўплаган ва 128 та давлат ичида 92-ўринни эгаллаган.
Албатта, йилдан-йилга бу каби соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бугунги кунда халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш борасида жиддий ислоҳотларга киришилган.
Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини жорий этиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. “Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳолатини аниқлашнинг самарали механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Фарғонада қарор лойиҳаси мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳуқуқ устуворлигининг таъминланганлик ҳолатини рейтинг асосида баҳолаш мезонларини ижрочиларга етказиш мақсадида Республика идоралараро ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Қарор лойиҳасида ҳуқуқий соҳадаги рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ устуворлигини таъминлашдаги масъулиятини ошириш механизмини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилган. Статистика ва сўровлар асосида ҳудудлардаги ҳуқуқ устуворлигини 7 та индикаторга бирлаштирилган 32 та субиндикатор бўйича рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади. Ҳудудлардаги қонунийликнинг ҳақиқий аҳволини баҳолаш ишлари “Huquq ustuvorligi” ахборот тизими орқали аниқланади.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари - республика идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари Робахон Маҳмудова, Адлия вазирлиги ҳузуридаги ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов, Бош прокуратура бўлим бошлиғи Толибжон Умаров ва бошқалар қарор лойиҳасидаги муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритди.
Йиғилишда қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
М. Сулаймонов, ЎзА