Ҳудудларда кредит олишда муаммолар бор
Сенат Раиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботига муносабат билдирди.
– Ўтган йил Марказий банк ва умуман банк-молия сектори учун мураккаб йил бўлди. Шунга қарамай ўз вақтида кўрилган қатъий чоралар туфайли тизим барқарорлиги ва самарадорлиги амалда таъминланди. Кескин тебранишлар кузатилмади. Бироқ банк тизимини бутунлай муаммолардан холи деб бўлмайди.
Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит олиш муаммоли масалага айланган. Масалан, Сирдарё вилоятида касб-ҳунарга ўқитилган фуқароларга имтиёзли кредит ажратиш масалалари охирига етказилмаган.
Бекободда ўтган йил 37 нафар аёлга тадбиркорлик учун тавсияномалар берилган бўлса-да, шундан фақатгина 16 нафарига, жорий йил I чораги давомида 68 нафар тавсиянома олган аёлдан 35 нафарига кредит ажратилган, холос.
Пойтахтда турли дастурлар доирасида жами ажратилиши режалаштирилган 128 миллиард сўмдан 29 миллиард сўм миқдордаги кредит маблағлари ажратилмаган.Шаҳарда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 700 нафарга яқин хотин-қизнинг қарийб ҳар тўрт нафардан уч нафари кредит ололмаган. Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Янгиҳаёт туманларида бу кўрсаткич ўртача 15 фоизга ҳам етмайди.
Айрим банклар фаолияти умуман талабга жавоб бермайди. Ҳисоб палатаси ҳисоботида келтирилишича, “Микрокредитбанк” фаолияти аксарият позициялар бўйича қониқарсиз деб топилган.
Банклардаги қинғирлик ва сохтакорликларни умуман оқлаб бўлмайди. Бош прокурор ҳисоботида айтилишича, “Халқ банки” Оқолтин филиали мансабдорлари тадбиркор хабарисиз унинг номига номига 560 миллион сўм кредит расмийлаштириб, қалбаки ҳужжатлар асосида ўзлаштириб юборган.
Шу боис, Марказий банк тизимда қонун устуворлигини таъминлашга, кадрлар салоҳиятини оширишга, фаолиятни очиқ ва шаффоф ташкил қилишга, инсон омилини камайтиришга, соҳани рақамлаштиришга янада кўпроқ эътибор қаратиши лозим, – деди Сенат Раиси.
Нурилло Насриев, ЎзА