Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган “IT – шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Самарқанд вилояти Нуробод туманида амалга оширилган тажриба асосида фаолияти ҳудудларда ёшларни рақамли технологиялар ва хорижий тилларга ўқитишга йўналтирилган "IТ-шаҳарча"лар ташкил этилади.
"IТ-шаҳарча"ларнинг асосий фаолияти қуйидагилардан иборат бўлади:
ёшларни рақамли технологиялар соҳасига йўналтириш, уларнинг мазкур соҳада билим эгаллаш бўйича интилишларини рағбатлантириш;
семинарлар, менторлик дастурлари ва онлайн таълим ресурслари орқали ёшларда уларнинг меҳнат бозорида муваффақиятга эришишига ёрдам берувчи рақамли технологиялар соҳасидаги кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш;
дастурлаш ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш йўналишларида таълим бериш, хорижий тиллар, шу жумладан инглиз тилига ўқитиш орқали ёшларнинг билим ва салоҳиятини ошириш;
ёш авлодни замонавий касбларга ўқитиш, шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини ошириш.
Қарор билан:
"IТ-шаҳарча"лар фаолиятини ташкил этиш учун ажратиладиган ер участкалари ҳамда бино ва иншоотлар рўйхати;
“IТ-шаҳарча"лар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ҳудудларда ташкил этиладиган "IТ-шаҳарча"лар Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Рақамли таълимни ривожлантириш маркази" давлат муассасасининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлинмалари ҳисобланади.
Марказ "IТ-шаҳарча"лар фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича қуйидагиларни амалга оширади:
ёшларга бепул таълим олиш учун қулай шароитлар яратади, таълим жараёнлари сифатли ташкил этилиши ва амалга оширилишини таъминлайди ҳамда ёшларга халқаро масофавий таълим платформаларида билим олиш имкониятини яратади;
таълим бериш учун менторларни жалб қилади, улар билан шартномалар тузади, шунингдек, билим ва кўникмаларини доимий ошириб боради;
"IТ-шаҳарча"лар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда юклатилган вазифалар ижроси назоратини амалга оширади;
ўқув дастурларига биноан ёшларнинг билим олиши ва кўникмалар эгаллаши, шунингдек, машғулотлар бўйича давоматини мониторинг қилиб боради;
Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда "IТ-шаҳарча"ларда ёшлар иштирокида соҳага оид турли мусобақалар, танлов ва бошқа тадбирларни ташкил қилади.
Қарор билан ҳудудларда "IТ-шаҳарча"лар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби ҳам тасдиқланди. Ишчи гуруҳининг асосий вазифалари:
намунавий лойиҳалар асосида "IТ-шаҳарча"ларни барпо этиш, уларни мебель, компьютер техникаси ҳамда бошқа воситалар, зарурий муҳандислик инфратузилмалари билан таъминлаш ишларини ташкил этиш;
таълим жараёнига рақамли технологиялар, хорижий тиллар ва замонавий касблар йўналишида юқори билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассислар (менторлар)ни жалб қилишга кўмаклашиш;
"IТ-шаҳарча"лар фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш;
мутахассислар (менторлар) малакаси мунтазам ошириб борилиши, ёшларнинг "IТ-шаҳарча"ларда таҳсил олишга йўналтирилишини таъминлашдан иборат бўлади.
ЎзА