Ҳудудий тренерлар билим ва кўникмаларга эга бўлишди
Навоий давлат педагогика институтида “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақида”ги Марказий сайлов комиссиясининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўқув ташкил этилди.
40 нафар тренер иштирок этган ўқувда Давлат бошқаруви академиясида малака оширган 6 нафар Республика тренери томонидан сайлов қонунчилиги, унга киритилган ўзгаришлар, сайловларни ташкил этиш, сайлов жараёнида вужудга келадиган турли масалалар, уларни ҳал этиш юзасидан зарур билимлар берилди.

– Жорий йилда ўтказиладиган сайловларда Навоий вилоятида 11 та туман, шаҳар сайлов комиссияси, 40 та вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи округ комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Низомлар асосида фаолиятини олиб бормоқда, – дейди ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шуҳрат Жўраев. – Вилоят, туман ва шаҳарларда ўқув-амалиёт машғулотларини талаб даражасида ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳлари тузилган. Концепцияда белгиланган ўқув-амалиёт машғулотларини тасдиқланган режа-жадвалларда белгиланган вақтда ва жойларда уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида тегишли бинолар, хоналар зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Барча хоналар масофавий кузатув камералари билан таъминланган ва жараёнларни онлайн кузатиш имконияти яратилган. Вилоятда ҳудудий тренер сифатида 40 нафар мутахассис жалб этилиб, улар ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ва вилоят штаби вакиллари томонидан суҳбатдан ўтказилгач, саралаб олинди.

Ўқув машғулотларда асосий эътибор сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, пропорционал ва можаритар сайлов тизими, сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий жиҳатлари, сайловчилар рўйхати билан ишлаш, биноларни жиҳозлаш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни белгилаш каби мавзуларга қаратилди.

Ушбу ўқувларга Ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ҳам жалб этилиб, амалий машғулотлар Навоий шаҳридаги 16-умумий ўртатаълим мактаби ҳамда намунавий сайлов участкасида ўтказилди.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири