Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси
Фарғона шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида икки кун давом этган вилоят ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси якунига етди. Унда икки юздан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи, хўжалик субъекти ва тадбиркорлар ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Фарғона вилоятида ҳам саноат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, тармоқларга замонавий техника ва технологияларнинг жалб этилаётгани ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати, уларнинг рақобатбардошлигини таъминламоқда.
Вилоятга импорт қилинаётган товарларни маҳаллийлаштириш мақсадида жорий йилда 158 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 139 та ишга туширилган лойиҳа ҳисобига 549,8 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилди. 43,2 миллион доллар атрофида хорижий валютанинг тежалишига эришилди. Жорий йилда 69 та янги маҳаллийлаштириш лойиҳаси ишга туширилди, 224 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қарийб 4,3 миллион долларлик экспорт таъминланган. 15 турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилди.
Вилоятда саноат кооперациясини кенгайтириш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда.Бунда асосий эътибор тармоқлар томонидан импорт қилинаётган хомашё, бутловчи қисм ва материалларни чуқур таҳлил қилиб, ўзлаштиришга қаратилмоқда. Хусусан, ўтган даврда саноат кооперацияси доирасида 20 та лойиҳада 62,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
[gallery-17838]
Мазкур ярмарканинг ташкил этилиши эса саноат ташкилотлари ва маҳаллий корхоналар ўртасида тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчиларини ўзлаштиришни йўлга қўйишга хизмат қилиши билан муҳим ўрин тутмоқда.
Саноат ярмаркасининг очилишида мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда саноатни тармоқлараро ривожлантириш борасидаги ишлар қайд этилди.
Павильонлардан тўқимачилик ва ипакни қайта ишлаш, чарм-пойабзал, мебелсозлик, нефть ва газ саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, қурилиш материаллари, кимё саноати, электротехника, автомобилсозлик корхоналари маҳсулотлари ўрин олди.
Учкўприк туманидаги Бобошбек енгил саноат ва логистика мажмуасида фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Фарғона шаҳрида яқинда иш бошлаган корхонанинг замонавий эшик ва ромлари сифати ва рақобатбардошлиги билан харидоргир бўлмоқда. Бу лойиҳа учун 25 миллиард сўм маблағ сарф этилган. Ярмаркада ана шу каби корхоналарнинг янги турдаги маҳсулотларини иштирокчилар юқори баҳолади.
Икки кун давом этган ярмаркада ҳудудий корхоналар ўз лойиҳалари тақдимотларини ўтказиб, истеъмолчиларга янги маҳсулотларини намойиш этишди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА мухбирлари