Ҳудудий судлар фаолияти сарҳисоб қилинди
Тошкент вилоят судида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 2025 йил якунларига доир брифинг бўлиб ўтди.
Унда вилоят судининг фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) ҳамда туманлараро иқтисодий суди томонидан ўтган йил давомида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича ҳисобот даврида вилоят ва туманлараро судлари томонидан жами 200 минг 780 та иш кўрилган. Шундан 52 минг 291 та фуқаролик ишлари ҳамда 12 минг 556 та материаллар кўриб тамомланган. Кўриб тамомланган жами 52 минг 291 та фуқаролик ишларининг 45 минг 905 таси бўйича ҳал қилув қарорлари қабул қилинган бўлса, 489 таси бўйича иш юритувдан тугатилган, 5 минг 897 таси бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

2025 йил давомида вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати биринчи инстанцияси ва вилоятнинг туманлараро иқтисодий судларига жами 76 минг 417 та даъво аризалар келиб тушган бўлиб, буларнинг 1 минг 124 таси қайтарилган ёки иш юритишга қабул қилиш рад этилган. Шу билан бирга, 71 минг 934 таси иш юритишга қабул қилинган, 205 таси тегишлилиги бўйича бошқа судга юборилган.
Брифингда шунингдек, вилоят маъмурий суди томонидан 2025 йил одил судловни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.
А.Мусаев, ЎзА.