Ҳудудий масалалар сенатор эътиборида
Президент топшириғи амалда
Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов Наманган вилояти Кенгаши фаолияти билан танишди. Унда маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш ҳамда доимий комиссиялар ролини кучайтиришга оид муҳим тавсиялар берилди.

Шунингдек, депутатларнинг фуқаролар ва “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлигини ривожлантириш, 2025 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ижроси устидан назорат масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да Одилжон Маматкаримов ёшлар ва нуронийлар билан ҳам учрашди. Самимий руҳда кечган мулоқотда қонунчиликдаги ислоҳотлар, Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган муҳим масалалар, қабул қилинган қонунлар ҳақида сўз юритилди. Ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва инвестиция муҳити ва туризмнинг ривожи юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, Сенат қўмитаси мутасаддиси Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида “Кардиология: кеча ва бугун” мавзусидаги илмий-амалий анжуманда ҳам иштирок этди. Юртимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, хусусан, кардиология йўналишини сифат жиҳатидан такомиллаштириш, юрак қон-томир касалликларини инновацион ёндашган ҳолда юқори технологик усулда самарали даволаш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, бу борада қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида фикр билдирди.
Одилжон Маматкаримовнинг навбатдаги манзили Уйчи туманидаги Эзгулик маҳалласи бўлди. Унда сайловчилар билан очиқ мулоқотида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари тингланди.

Маҳалланинг “драйвери” – қишлоқ хўжалиги бўлиб, 519 хонадонда истиқомат қилувчи 2 минг 645 аҳолининг аксарияти адир ерларда деҳқончилик билан шуғулланади. Мулоқотда айтилганидек, маҳаллада ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжуд. Айниқса, ҳудудда уч километр масофа бўйлаб темир бетон электр таянч устунларини ўрнатиш зарур. Бунинг учун “Ташаббусли бюджет” дастурига 1,5 миллиард сўмлик лойиҳа киритилган. Қолаверса, кўчаларни шағаллаштириш борасидаги ишларда ҳам муаммолар мавжуд.

Қабулда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий муҳофаза, бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш каби йўналишларда таклифлар ўртага ташланди. Келтирилган айрим масалалар жойида ҳал қилиниб, масъул органларга тегишли тавсиялар берилди. Республика даражасида ечим топиладиган масалалар эса сенатор назоратига олинди.
Президентимиз раислигида шу йил 30 январда томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича ўтказилган йиғилишда томорқа ва деҳқончилик ерларида юқори даромадли экинлар етиштиришда Уйчи туманида ўзига хос тажриба йўлга қўйилгани эътироф этилди.

Сенат аъзоси МФЙ идорасига ҳам келиб, маҳалла “еттилиги” ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Моҳира Холмирзаеванинг фаолиятини яқиндан кўздан кечирди. Халқ дардини эшитиш, уларни рози қилиш “еттилик” олдида энг муҳим устувор вазифа эканлиги уқтирилди.
Парламент вакили Уйчи туманидаги ўрганишлари давомида томорқачиликда ибрат кўрсатаётган хонадонда бўлди. Эзгулик маҳалласида истиқомат қилувчи боқувчисини йўқотган аёл Донохон Исматова ҳам ана шундай омилкор деҳқонлар сирасига киради. Бу оилага картошка ва зиравор ўсимликлар ҳосилидан сўнгги йилда 20 миллион сўм соф даромад кириб борди.

Донохон ая бир сотихли томорқасидан унумли фойдаланиб, йилига уч мартагача ҳосил етиштиради ва шу орқали ўз оиласи фаровонлигини таъминлаб келмоқда. Ушбу ибратли ташаббус томорқадан самарали фойдаланиш, табиий маҳсулот етиштириш ва оилавий даромадни ошириш борасида кўпларга ибрат бўлмоқда.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Одилжон Маматкаримов иштирокидаги ушбу тадбирлар маҳаллий бошқарувни ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш ҳамда қонунчилик ислоҳотлари натижаларини тарғиб қилишга қаратилган ва бу вилоят ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири