Тошкент вилояти Пискент туманида жорий йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 128,1 миллиард сўмлик 11 та лойиҳа амалга оширилиши, 660 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шундан 2022 йил май ҳолатига умумий қиймати 78,3 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа амалга оширилди. 175 та янги иш ўрни яратилди.
Масалан, биргина “MARK FORMELLE IT” МЧЖ томонидан 76,3 миллиард сўмлик тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича бугунги кунда 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Дастурда белгиланган лойиҳалардан ташқари, туманнинг “Култепа” маҳалласи ҳудудида қўшимча янги лойиҳа амалга оширилмоқда. 2022 йил 4-чорак якуни билан "FUTURE PAINTS PLANT" МЧЖ томонидан 10 гектар ер майдонида қиймати 20 миллион долларлик мис катодини қайта ишлаш корхонаси ишга туширилади. Унинг илк босқичида 100 та янги иш ўрни яратилади.
Туманда экспорт прогнози 2022 йилда 5,9 миллион доллар қилиб белгиланган. Жумладан, 11 та экспортёр корхона томонидан 8 турдаги (кимёвий моддалар, жун, инкубатор жўжа, трикотаж, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги) маҳсулотларни Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Хитой каби 6 та давлатга экспорт қилиш режалаштирилган. Жорий йил май ойи ҳолатига 92 фоиз маҳсулотлар четга сотилган. Бу борадаги ишлар самарали давом этяпти. Ҳудудимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Шу сабабли ички имкониятларимиздан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Бу жараёнда тадбиркорларимиз ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
А.Манаев,
Пискент тумани ҳокими ўринбосари,
Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи
ЎзА