Ҳудуд ривожи – журналистлар нигоҳида
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими ҳамда Тойлоқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида журналист ва блогерлар учун мазкур туманга пресс-тур уюштирилди.
Дастлаб туманда аҳоли, айниқса, ёшларнинг таълим олиши, маънавий камолоти ва мазмунли ҳордиқ чиқариши учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шу мақсадда ташкил этилган таълим муассасалари, маърифат масканлари ва боғлар фаолияти билан танишилди.
Жумладан, “Камолот таълим” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтган йил туманда илк бор “Беҳбудий ворислари” номли хусусий мактаб фаолияти йўлга қўйилди. 220 ўринли мактаб синфхоналари замон талаблари асосида жиҳозланган, инновацион таълим технологиялари ва малакали педагоглар билан таъминланган. Эътиборлиси, 2026-2027 ўқув йилида Боғизоғон маҳалласида ушбу таълим даргоҳининг 100 ўринли филиали ишга туширилади.
Пресс-тур қатнашчилари хусусий мактабда айни чоғда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнларига гувоҳ бўлди.
Шундан сўнг Туркистон жадидчилик ҳаракати асосчиси, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган Бахшитепа маҳалласида ташкил этилган кутубхона, аллома уй-музейи ва боғ кўздан кечирилди. 2025 йил декабрь ойида фойдаланишга топширилган бу мажмуа айни пайтда чинакам маърифат масканига айланган. Бу ерда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бюсти ўрнатилган. Тадбиркор Абдулла Ходиев томонидан “Беҳбудий кутубхонаси” ташкил этилиб, 15 ва 17-умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун Беҳбудий стипендияси таъсис қилинди. Шунингдек, “Маҳмудхўжа Беҳбудий илм нури маскани” номли ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Журналист ва блогерлар ёшларнинг замонавий касбларни эгаллашига кўмаклашиш мақсадида Боғичинор маҳалласида яқинда иш бошлаган “Innovative Center” ўқув марказида ҳам бўлди. Марказ замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, турли йўналишлар бўйича халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритиш имкониятини беради. Тойлоқлик ёшлар тил ўрганиш ва халқаро сертификат олиш учун бошқа ҳудудларга қатнаб юрмайди, ушбу ўқув марказда Самарқанд шаҳридаги нуфузли ўқув марказларининг маҳоратли ўқитувчилари келиб, шу ерда дарс беради.
[gallery-30079]
Бу йил мамлакатимизда буюк саркарда ва соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан март ойида туманнинг Ўртақишлоқ маҳалласида “Амир Темур боғи” барпо этилди ва боғ марказидаги Амир Темур ҳайкали қайта таъмирланди. Пресс-тур қатнашчилари мазкур боғда ҳам бўлиб, ушбу маскан ёшларни миллий қадриятлар ва тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилишини қайд этди.
Шундан сўнг туманнинг Қўшчинор маҳалласи мисолида тумандаги маҳаллаларни ихтисослаштириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Тойлоқ туманини кўпчилик асосан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган ҳудуд деб билади, – деди Тойлоқ тумани ҳокими Беҳзод Раҳматуллаев. – Тўғри, бу борада имкониятларимиз жуда юқори. Аҳоли ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш ва шу орқали даромад топишга ҳаракат қилади. Лекин бугун ерга ҳар ким ўз билганича, пала-партиш экин экиши ярамайди. Шунинг учун “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳалларни ихтисослаштиришга эътибор қаратяпмиз. Тумандаги 50 та маҳалланинг ҳар бири мавжуд имконияти, аҳолининг турмуш тарзидан келиб чиқиб, деҳқончилик, чорвачилик ҳамда хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Хусусан, 17 маҳалла чуқур ихтисослашган, 25 маҳалла ўрта ва 8 маҳалла паст ихтисослашган. Йил якунига қадар 10 та маҳаллани чуқур ихтисослашувга ўтказишни режалаштирганмиз. Томорқа имкониятидан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш мақсадида “Samarqand qulupnay Impex” фермер хўжалигидан инвитро усулида етиштирилган 21 минг туп бодом кўчати келтириб, аҳолига тарқатдик. Август ойига қадар яна 79 минг дона кўчат келтирилиб, маҳаллаларда манзилли экилиши бўйича аниқ режаларимиз мавжуд. Бу бодом кўчатлари иккинчи йилдан ҳосилга киради.
Аҳоли хонадонларида чорва моллари сонини кўпайтириш мақсадида йил бошидан буён Германия, Россия, Қирғизистон ва Қозоғистондан 900 бошга яқин зотдор қорамол олиб келинди. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, Қирғизистондан 250 бош “Арашан” зотли қўй келтириб берилди. Йил якунига қадар туманимизга яна 4000 бош наслли чорва моллари олиб келиниши режалаштирилган. Худди шундай лойиҳалар паррандачилик соҳасида ҳам амалга оширилмоқда. Хонадонларда ихчам саноат усулида товуқ парваришлашни йўлга қўйиш мақсадида бу борада вилоятимизда етакчи бўлган “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги билан ҳамкорлик қиляпмиз. Тажриба-синов тарзида Сариосиё маҳалласидаги 8 хонадоннинг ҳар бирида 3 минг бош парранда боқишга мўлжалланган енгил конструкцияли мини товуқхоналар қуриб берилди. Хонадонлар эгаларига касалликларга қарши эмланган наслли жўжа, озуқа маҳсулотлари келтириб берилиб, кооперация асосида ишлаш йўлга қўйилди. Ушбу товуқхоналар эгалари ўргатилган агротехнологияларга амал қилиб ишласа, йилига 85 миллион сўмгача соф фойда олиши мумкин.
Туман ҳокими, шунингдек, жорий йилда туманни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, камбағалликни қисқартириш, саноат, хизматлар соҳасини ривожлантириш, сармоялар жалб қилиш ва экспорт салмоғини ошириш бўйича кўрилаётган чора -тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берди. Қайд этилишича, бу йил 25 минг 400 нафарга яқин тойлоқликларнинг даромадлари оширилади, 4564 нафар аҳоли доимий иш ўринлари билан таъминланади, 2607 та яширин иш ўринлари соядан чиқарилади. Йил бошида реестрга киритилган 1948 та камбағал оила билан манзилли ишлаш натижасида шу пайтгача уларнинг 1312 таси реестридан чиқарилди.
Пресс-тур иштирокчиларига туманни келгуси беш йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари