Ҳозир қайси китобни ўқияпсиз?
Туман ҳокимларидан бири билан суҳбатлашиб ўтирганимизда иш столидаги китоблар ҳақида гапира туриб бизга шундай савол берганидан хурсанд бўлгандим. Сабаби кўп раҳбарларнинг хонасида ноёб китоблар турганини кўриб ҳайратланганимизда айримларнинг бу китобларни шунчаки йиғиб юриши ёки совға сифатида келтирилганини айтиб, ҳафсаламизни пир қилгани учун бу раҳбарнинг китобхонлигидан ҳам, саволидан ҳам ростакамига ҳайратлангандим.
Ҳозир раҳбарларнинг иши бошидан ошиб ётибди, китоб ўқишга вақт қаёқда, дейсизми? Тўғри, иш кўп (ҳеч қачон кам бўлмаган), лекин дам оладиган, ишдан бироз чалғийдиган вақт ҳам бўлади-ку. Дам олиш кунлари-чи? Ана, вақт топаётганлар, ўқиётганлар бор экан. Назаримда, гап иш кўплигида, вақт камлигида эмас, ўзимизда, китоб ўқишга ҳафсала қилишимизда.
Ёши етмишдан ошган устозларимиздан бири “яхшиям китоб бор экан, вақтим бекор ўтмайди, йўқса, аллақачон бошқа тенгдошларимга ўхшаб кўрпа-тўшак қилиб ётиб олармидим ёки чойхонадан бери келмайдиган бобой бўлиб қолармидим” деди яқинда учрашганимизда.
Устозимиз – катта авлод вакили, ёшлигидан китоб ўқиб ўрганган. Бир умр шу одатига амал қилиб келяпти. Афсуски, бугун кўпчилигимиз – хоҳ у раҳбар ёки ходим, хоҳ кекса ёки ёш бўлсин, вақтни баҳона қилиб китоб ўқимаймиз. Ҳатто, шундай тоифа кишилар пайдо бўлдики, китоб, газета ўқимаслиги, телевизор кўрмаслиги билан мақтанади, дунёни ижтимоий тармоқ орқали англайди. Балки шунинг учун фикрлар саёз, дунёқараш ўзига яраша, иккита сўзни бир-бирига боғлаб гапириш мушкулдир уларга.
Бир ҳафта – ўн кунча аввал янгича кўриниш ва имкониятларга эга бўлган вилоят мусиқали драма театрида иккита катта тадбир ташкил этилди (аммо ҳали театр расман фойдаланишга топширилмаган, спектакллар намойиши бошланмаган, тез орада очилиб қолар). Катта бир ташкилотда ишлайдиган танишим “театр жуда чиройли жой экан-ку ҳеч келмагандим, афсус, вақт йўқ, бўлмаса оила билан келиб дам олиб кетсак яхши бўларкан” деди.
– Нега вақт бўлмас экан, якшанба кунги битта гаштакдан кечиб келса, бўлади, – дедим ҳазиллашиб. – Ундай қилса бўлади, лекин улфатлар ранжийди-да... Ҳа, шундай, истасак, вақт топамиз – китоб ўқишга ҳам, театр, музейларга бориш, баҳаво жойларда ҳордиқ чиқаришга ҳам. Биз шу ҳолатда бўлганимиздан кейин фарзандларимиздан нимани кутишимиз керак. Ўзи қўлига китоб олмайдиган ота-она фарзандига қандай қилиб китоб ўқи, дейди. Айтганда ҳам боласи китоб ўқирмикан? Фарзандингизни кутубхонага, театр ёки музейга олиб бормай туриб, у улғайганда шундай жойларга боришини кутиш ўринлимикан?!
Ўтган йил вилоят театрида шу куннинг мавзусидаги асар саҳналаштирилди. Кўпчилик кўрди. Айрим ташкилотлар, идоралар жамоавий тарзда, оилавий бориб спектаклни томоша қилди. Ўша пайтда учта нуфузли идора вакилларидан “асардаги ноқобил фарзанд бизнинг соҳадаги ходимга ўхшаб қопти, кейинги намойишларда ўзгартиришнинг имкони бўлармикан” деган гапини эшитдим. Демак, асар кимларгадир таъсир қилган, қаҳрамонларда ўзини ёки ҳамкасбларини кўрган. Бу ҳам ибрат, ҳам тарбиянинг бир усули. Бугун замон ўзгарган, дунёқараш ўзгача. Китоб ўқимасдан, театр ёки музейга бормасдан ҳам ўша завқни туйиш мумкин, дейишга шошилманг. Кимлар учун балки шундайдир.
Аммо бугун ҳаётимизда телефон, интернет, ижтимоий тармоқ сингари китоб, маданият ва санъатнинг ҳам ўз ўрни бор. Бирининг ўрнини бошқаси билан тўлдириб бўлмаса керак. Буни англасакку яхши, акс ҳолда бу бўшлиқнинг ўрнини ўткинчи ҳислар билан тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Ақл ўргатмоқчи эмасмиз, шунчаки кўрган-билганларимиздан келиб чиқиб, айрим фикрларимни билдирдим холос.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА