Ховосда йўллар замонавий қиёфа касб этмоқда
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида йўлларни таъмирлаш ва замонавий стандартларга мослаштириш ишлари изчил амалга оширилиб, ҳаракат хавфсизлиги сезиларли даражада ошди.
2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида олиб борилган бунёдкорлик ишлари маҳаллий аҳоли ҳамда транзит йўналишларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилар учун қулайликлар яратди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ва туман Йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

– Маҳаллий аҳамиятга эга йўлларнинг 126 километрига 86 та янги йўл белгилари ўрнатилди, 58 километрда йўл чизиқлари янгиланди, 12 та пиёдалар ўтиш жойи белгилаб чиқилди, – дейди корхона директори Сиёвуш Авазов. – Айниқса, таълим муассасалари атрофида пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, халқаро аҳамиятга эга йўлларда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, А-376 “Қўқон–Жиззах” йўлининг 40 километрлик қисмида 14 та янги йўл белгилари ўрнатилди, 23 километрда йўл чизиқлари янгиланди ва 2 та шовқин чиқарувчи чизиқ жойлаштирилди. М-34 “Тошкент–Душанбе” йўлида эса 33 та янги йўл белгилари, 5 километрда йўл чизиқлари ва яна 2 та шовқин чиқарувчи чизиқлар тортилди. Ушбу йўналишларда мавжуд нуқсонларни бартараф этиш учун 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шаҳар ва қишлоқ кўчаларида ҳам йўл инфратузилмаси янгиланмоқда. Хусусан, Янгиер шаҳрида 4,3 километр, Ховос туманида эса 16,6 километр кўча асфальт-бетон билан қопланди. Бу ишлар ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ҳаракатнинг янада қулай ва хавфсиз бўлишини таъминлади.

Матбуот анжуманида йўл қурилиши ва улардан самарали фойдаланиш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Савол-жавоб шаклида ўтган тадбирда мутасадди идоралар вакиллари ҳамда ҳокимлик масъуллари журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтаришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири