Ховосда "Коучинг" лойиҳаси доирасида машғулот
Ховос туманида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ва туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази масъуллари томонидан "Коучинг" лойиҳаси доирасида машғулот ўтказилди.
— Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ўз кучи ва ички ресурсларига таянган ҳолда жамиятга мослашишига кўмаклашишдан иборат, — дейди Ховос тумани "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази директори Бунёд Мамарасулов.

Ўтказилган машғулотда ижтимоий нафақалар, санаторияларга йўлланмалар, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ёрдам кўрсатиш ва инклюзив таълим каби масалаларга аҳамият қаратилди. Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассислари қаторида Маҳаллалар уюшмаси, бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўлими вакиллари иштирок этиб, йиғилганларга “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойилида назарда тутилаётган барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш, таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш, кафолатланган тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, шунингдек, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берилди.
Бу каби тадбирлар нафақат Ховосда, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиб, аҳолининг "Инсон" марказлари томонидан кўрсатиладиган ижтимоий, маиший хизматлар ва ёрдамлар, улардан фойдаланиш борасидаги билими оширилмоқда.

— Ховос туманида "Коучинг" лойиҳаси доирасида ўтказилган машғулот ниҳоятда фойдали бўлди,—дейди Жумабой Суюнов. —Келгусида ўрганганларим менга асқатади. Авваллари турли ташкилотлар томонидан тарқоқ ҳолда кўрсатилган хизматлар эндиликда битта ташкилот — "Инсон" марказлари томонидан кўрсатилаётгани нафақат менга, аҳолига ҳам маъқул келмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири