Хотира ва қадрлаш тадбирлари давом этмоқда
Жиззах вилоятида ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида мутасаддилар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев иштирок этди.
Яратганга беҳисоб шукурки, бугун мамлакатимиз тинч-осойишта, фарзандларимиз соғ-саломат, ота-оналарнинг кўнгиллари хотиржам. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни бизни шу осуда ҳаётнинг қадрига етишга, барча халқлар, миллатлар билан дўст, тотув, ҳамфикр ва ҳамкор бўлиб, ёруғ келажак бунёд этиш сари дадил ундамоқда.
– Жиззах вилоятида бугунги кунда 4 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва 2 нафар фашист концлагерларида асирлик азобини тортган, 278 нафар уруш орти меҳнат фахрийлари истиқомат қилмоқда. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларни эса қадрига етишимиз, ҳаммамиз ва ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз демакдир, – деди Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев.
[gallery-11815]
Юртимизда Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланди. Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, ўтганлар руҳи ёд этилади. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.
Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган вилоятнинг асосий тадбирида барча йиғилганлар Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, тинчлик учун, авлодлар келажаги учун жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА