Хотира ва қадрлаш кунига бағишланди
“Туркистон” саройида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилаётган байрам дастурига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий-ижодий гуруҳнинг илк йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков раислигида ўтказилган мазкур йиғилишда бу йилги дастурнинг сценарийсини ишлаб чиқиш учун пухта тайёргарлик кўриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнда янги қўшиқлар тайёрлаш, бадиий-композицион чиқишларни саҳналаштириш ва ташкилий масалалар бўйича ишчи гуруҳ тақсимотини йўлга қўйиш муҳим.
Шунингдек, йиғилишда тадбир дастурини тузишда шоирларнинг тадбир моҳиятига мос шеърлари, телевидение ҳамда кинофонд архивидаги ноёб бадиий ва ҳужжатли фильмлардан самарали фойдаланган ҳолда уруш давридаги халқимиз матонатини акс эттириш каби жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда тадбирга оид маълумотларни тезкор равишда шакллантириб олиш учун ҳаракатлар режаси белгилаб олинди.
Н.Усмонова, ЎзА