Хотира турнирларида ҳарбийлар ёд этилди
Мудофаа вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги гарнизонларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллигига бағишлаб, “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда мустақиллик йиллари тинч-тўкин ҳаётимиз учун жон фидо қилган Ватан посбонлари ёдга олинмоқда.
Янги йилнинг илк ҳафтасида Термиз гарнизонида сержант Муҳиддин Эштемиров хотирасига бағишланган турли спорт ўйинлари, Какайди гарнизонида сержант Чори Шамиев номи улуғланган кураш, Хайрабод гарнизонида сержант Машраб Жўраев хотираси учун улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилиб, хотира турнирларида юртимизнинг қасамёдига содиқ, мард ўғлонлари эсга олинди.



Жарқўрғон туманида улғайган ҳарбий хизматчи Чори Шамиев ҳаётини Ватан осойишталигига бағишлаган мард, жасур ўғлон. Жарқўрғон туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилган Чори Шамиев 1999 йил 21 ноябрда ўз вазифасини бажариш чоғида жон берган. Айни пайтда унинг ўғли, майор Равшан Шамиев мамлакатимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида учувчи бўлиб хизмат қилмоқда.


Термизлик сержант Муҳиддин Эштемиров ва Бойсунлик сержант Машраб Жўраевлар 2021 йил Сариосиё туманининг тоғли ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Мустақиллик йиллари тинч, обод ва фаровон ҳаётимиз учун жонини фидо қилган Ватан ҳимоячиларининг жасорати вафотидан сўнг муносиб тақдирланган.

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 33 йиллиги олдидан ташкил этилган хотира турнирларида уларнинг ибратли ҳаёт йўллари ёд этилиб, кўрсатган жасоратлари шарафланди.

Ватан тинчлиги, юрт тараққиёти учун жонидан кечган ҳарбий хизматчилар номига ташкил этилган мусобақалар қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Ғолиблар қўмондонликнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири