Хотира: илм ва ижодга бахшида умр
Андижон вилояти Бўстон тумани Навоий қишлоғида адиб ва журналист Мирзакарим Пирматов ва у кишининг турмуш ўртоғи, шоира Мукаррама Муродова хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбир иштирокчилар, айниқса 24 – умумтаълим мактаби ўқувчиларида катта таассурот қолдирди.
Ўзбек журналистикаси тарихида ўзига хос из қолдирган таниқли ижодкор Мирзакарим Пирматовнинг Нодирабегим ҳақидаги “Моҳларойим” романи, “Юлдузлар жилмаяди”, “Иброҳим Эшонхўжаев”, “Қалбимни очай сизга”, “Биринчи секретарь”, “Хаёл қуши”, “Мунаввара эртаклари ёки Нўхатполвоннинг саргузаштлари” тўпламлари, шоира Мукаррама Муродованинг “Сени куйлайман”, “Ёруғ кун”, “Баҳор”, “Цветок”, “Оловгул” каби шеърий тўпламларини адабиёт ихлосмандлари жуда яхши билади.

Шоира Мукаррама Муродова раҳбарлигида ташкил этилган Республика ёш ижодкорларининг “Шуъла” адабий тўгараги ўтган асрнинг саксонинчи йилларида пойтахт адабий муҳитида ўзига хос ижод мактаби вазифасини ўтаган, нафақат ёш ижодкорлар, балки катта адабиёт аҳлини ҳам ўзига жалб эта олган бу тўгарак бетакрор давралари-ю, файзли учрашувлари, “нафис мажлислар” и билан эл оғзига тушган. Равшан Файз, Чори Аваз, Аъзам Ўктам, Замира Эгамбердиева, Зафар Комилов, Фахриёр, Рауф Субҳон, Холмуҳаммад Ҳасан, Ўктам Мирзаёр, Абдумажид Азим, Зулфия Мўминова, Меҳринисо Қурбонова, Муҳаббат Йўлдошева, Зебо Мирзаева, Туроб Ниёз, Ойниса Шокирова, Машъал Хушвақтов каби ўнлаб истеъдод соҳибларининг камол топишига кўмаклашган эди...

Мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Сайёрахон Илясова ташаббуси билан ташкил этилган бу хотирлаш тадбирига туман мактабларининг тарғиботчилари, марҳумларнинг яқинлари таклиф этилди.
Хотира тадбири ўтганлар руҳига бағишлаб ўқилган Қуръон тиловати билан бошланди. Ўқувчилар ижодкорларнинг ҳаёти ва босиб ўтган самарали ижод йўли борасида батафсил маълумот беришди, шеърларини ёддан ўқиди, театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Мактаб директори Ғуломжон Рўзиев, адибнинг укаси Мирзараҳим Пирматов, қизлари Муҳаррама ва Мунаввара Пирматовалар, жияни Абдужалил Қурбонов ҳамда ижодкор-тарғиботчи Абдукарим Қурбоновнинг Мирзакарим ака ва Мукаррама опанинг камтар ва хокисор феъли- атвори, бағрикенглиги, халқнинг юрагига ҳамоҳанг, замон билан ҳамнафас ижодлари борасидаги жонли хотиралари йиғилганлар қалбини тўлқинлантириб юборди.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўз умрини ижодга бағишлаган, эл хизматига камарбаста бўлган Мирзакарим Пирматов ва Мукаррама Муродова хотирасига бағишланган хотира тадбири йиғилганларда ёрқин таассурот қолдирди.
Маърифат Қосимова,
филология фанлари номзоди