Хотин-қизларнинг фаоллиги янада ортади
Андижонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, мазкур йўналишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, хотин-қизлар масалалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўлими бошлиғи Каримахон Норқулова, вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг қуйи тизимлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар, иш жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, шунингдек, ҳамкорликни янада кучайтириш, келгусидаги режалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

– Айни пайтда Андижон вилоятида 550 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳод Отахонов. – Уларнинг маълум қисми бевосита хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш йўналишларида иш олиб боради.
Таъкидлаш керакки, айни кунда ННТларнинг давлат ташкилотлари, хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаган. Бу эса мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланишда турли тўсиқларни келтириб чиқармоқда. Тадбирда айнан ана шу муаммоларга ечим топиш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбирда мутахассислар томонидан мазкур йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, сифатини яхшилаш бўйича машғулотлар ўтказилди. Таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА