Хотин-қизларнинг бандлиги таъминланмоқда
Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2022 йил 22 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Бухоро вилоятида ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида 47 577 нафар ишсиз хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилган.
Бухоро шаҳрида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона раҳбари Ҳилола Ҳалимова мамлакатимиз томонидан яратиб берилган имкониятлар натижасида ўз тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, бугун 25 нафар аҳоли бандлигини таъминлашга эришди.
– Турмуш ўртоғим билан фаолият кўрсатиб келмоқдамиз, – дейди тадбиркор Ҳилола Ҳалимова. – Ҳозирги кунда 25 нафар ишчимиз бор. Бир кунда ўн минг дона нон ишлаб чиқаряпмиз. Ишчиларимиз асосан маҳалламиз ҳудудида яшайди. Улар вақтида ишсиз, кам таъминланган оилалар рўйхатида турарди. Айни кунда меҳнат қилиб оиласи ривожи учун ҳисса қўшмоқда.
Кўп тармоқли тадбиркорлик фаолиятига эга Ҳилола Ҳалимова қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам имкониятларини синаб кўрган ҳолда салкам бир гектар майдонда иссиқхона ташкил этиб помидор етиштирмоқда. Бунда ҳам йигирмага яқин иш ўрни яратилган.
Жорий йилда вилоятда 600 нафар хотин-қиз тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Ўз фаолиятини бошлаётган 37 нафар аёлга зарур асбоб-ускуналар сотиб олиш учун 40 миллион сўм миқдорида субсидия берилди. Бандлиги таъминланиб, бугунги кунда фаолият олиб бораётган Зулайҳо Шаропова бундан бир йил олдин “Аёллар дафтари”да эди. Унга субсидия асосида тикув машинаси берилиб, у қисқа муддатда ўз ҳунари билан эл назарига тушди. Ҳозир ўзи билан бирга маҳалладаги яна олти нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлади.
– “Аёллар дафтари” орқали субсидия асосида тикувчилик фаолиятимни бошладим, – дейди тадбиркор Зулайҳо Шаропова. – Айни кунда мижозларимга эгаман. Маҳалламиздаги олти нафар ишсизни иш билан таъминладим. Даромадимиз яхши, келажакда фаолиятимни кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишни мақсад қилганман.
– Бизнинг маҳалламиз шаҳарнинг эски шаҳар қисмида жойлашган, – дейди “Ҳавзи-нав” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Нодира Болтаева. – Маҳалламизда 2 минг 651 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шулардан 1 минг 365 нафари хотин-қиз. Маҳалламизда ҳунармандчилик, тадбиркорлик, касаначилик билан шуғулланувчилар кўпчиликни ташкил этади. Миграциядан қайтган 36 нафар аёлнинг барчаси ишга жойлаштирилди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” лойиҳаси доирасида 12 нафар хотин-қизга субсидия асосида иш қуроллари олиб берилди. Натижада улар оила даромадига ҳисса қўшмоқда. Нафақат ўзларини иш билан таъминлади, балки иш берувчи тадбиркорга айланди.
Ижтимоий реестрдаги хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар ойда анъанавий ярмаркалар ўтказилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Вилоят ҳокимлиги, Ғазначилик хизмати, Ижтимоий ҳимоя агентлиги, Савдо саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармалари ташаббуси билан “Давлат харидлари тўғрисидаги” қонун талаблари асосида ногиронлиги бўлган шахслар ва хотин-қизлар, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг бюджет буюртмачиларининг тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ харид қилинаётгани ишбилармон аёллар сафи кенгайишига замин яратмоқда.
[gallery-22700]
– Ишсиз юрган пайтимда менга мономарказда ўқиб, касб-ҳунар ўрганиш таклифи берилди. Мен у ерда тикувчиликни ўргандим. Кейин менга тикув машинаси берилди. Бугун ҳунарим орқали буюртма асосида кўрпа, ёстиқ жилдлари ва кийим-кечаклар тикяпман, – дейди Дилдора Шаҳобиддинова.
Вилоятда 2025 йил якуни билан камбағаллик даражаси 7,3 фоизга, ишсизлик даражаси 5,1 фоизга тушиши режалаштирилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари