Хотин-қизларимиз қўллаб-қувватланмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва улар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда Навоий вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, улар бандлигини таъминлашга кўмаклашиб келинмоқда. Марказ раҳбари Гулсанам Норова ЎзА мухбири билан суҳбатда қуйидагиларни гапириб берди:
– Бугунги кунда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва замонавий касбларни ўргатиш долзарб масалалардан бирига айланди. Бу вазифаларни манзилли ҳал қилишда давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан, 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишлар белгилаб берилган.

Таъкидлаш ўринлики, юртимизда хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш мақсадида манзилли ишлаш тизими жорий этилди. Асосий эътибор ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларнинг жамият ва иқтисодий ҳаётда фаоллигини оширишга қаратилди. Биргина “Аёллар дафтари” орқали сўнгги йилларда ўн минглаб хотин-қизларга кўмак берилди.
Навоий вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан 2024 йил давомида ўқитилиши режалаштирилган 5372 нафар “Аёллар дафтари”да турган 1-, 2- ҳамда 3- тоифадаги хотин-қизларни 30 та белгиланган йўналиш асосида ўқитиш белгилаб олинди.

Натижада Оила ва хотин-қизлар вилоят бошқармаси, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, вилоят АТ Халқ банки билан ҳамкорликда 2024 йил давомида “Аёллар дафтари”да турган 6540 нафар хотин-қизлар 30 йўналиш бўйича 60 соатлик дастурлар асосида ўқитилди. Уларнинг 727 нафарига имтиёзли кредит, 486 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидиялар ажратилди. 2269 нафар хотин-қизларимиз ўзини ўзи банд қилган бўлса, 601 нафари мавсумий ва доимий ишга жойлаштирилди. Қолган аёлларимизнинг ҳам бандлигини таъминлаш бўйича жараёнлар давом этмоқда.

Марказ ҳузурида “Тадбиркор аёллар” клуби ташкил этилиб, 146 нафар тадбиркор аёл учун 16 маротаба очиқ мулоқотлар, 9 маротаба семинар-тренинглар ташкил этилди. Бундан ташқари, 18 маротаба “Бизнес саёҳат” лойиҳаси доирасида 1713 нафар хотин-қиз қамраб олинди.
Вилоятдаги ҳокимликлар, мутасадди ҳамкор ташкилотлар ва секторлар ҳамкорлигида 12 маротаба ўз фаолиятини бошлаётган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар учун сайёр қабуллар ташкил этилиб, 216 нафар мурожаатнинг 89 таси ижобий ҳал этилди.
Вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан бу йўналишдаги амалий ишлар давом этмоқда.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.