Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Тошкент маҳалласида қурилган кўп қаватли уйнинг 10 та хонадони ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган оилаларга топширилди.
Ушбу хайрли иш сирдарёлик саховатли тадбиркорлар томонидан амалга оширилди.
Ана шундай уйлардан бири Гулистон давлат университети санъатшунослик факультетининг 2- босқич талабаси, 1-гуруҳ ногирони Каромат Қаҳрамон қизига берилди. Оилада тўрт қиз, ота эса вақтинча ишсиз. Аммо Кароматга Яратган қўл бермаган бўлса-да, ноёб истеъдод, ақл идрок берган. У оёқлари билан расм чизади. Суратлари жуда кўп кўргазмаларда намойиш этилган, муносиб баҳоланиб, аукцион савдоларда сотилган.
–Яратганга беҳисоб шукр. Яхши кишиларнинг саховати, ёрдами билан уйли бўлдик. Янги хонадонимизга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари– Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилигида кўплаб меҳмонлар ташриф буюрди. Ҳол- аҳвол сўраб, яхши тилаклар билдиришди. Рости, кўзларимга қувонч ёши келди. Ахир, бу кунларни узоқ йиллар орзиқиб кутганмиз. Бизни қўллаганлар, ўз ёрдамларини аямаганларнинг бирига минг берсин,–дейди Каромат Қаҳрамон қизи.
[gallery-22705]
–Сирдарё вилоят ҳокимлиги ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан олиб борилаётган ижтимоий ҳимоя тадбирлари доирасида бу йил 100 дан ортиқ хотин-қизга уй-жой берилди,–дейди Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева.–Қолаверса, "Инсон қадри учун, инсон бахти учун" деган эзгу ғоя асосида уларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, ишсиз ва касб-ҳунарсиз хотин-қизларни фойдали бирон бир касб турига ўқитиш борасида тизимли ишларни олиб боряпмиз. Бу эса ўз натижасини бермасдан қолмаяпти. Чунки улар ҳам жамиятда бахтиёр, фаровон яшашга ҳақли.
Хонадон калитларини уй эгаларига топширишга бағишланган тадбир, чин маънода айтганда, байрамга айланиб кетди. Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари– Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, туман ҳокими Абдураҳим Умаров ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, саховатли тадбиркорларлар томонидан амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар тўғрисида илиқ фикрларни билдириб, янги хонадон эгаларини уй-жой билан табриклаб, уларга ўз совғаларини тақдим этди.
Шу куннинг ўзида яна бир хайрли иш амалга оширилди. Гулистон шаҳрида Оила ва хотин-қизлар маскани очилди. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари– Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, нуроний онахонлар ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоллари иштирок этди.
–Бу маскан нафақат оила аъзоларининг ўзаро муносабатларини мустаҳкамлашга ёрдам беради, балки турмушга энди қадам қўяётган ёшлар ва хотин-қизлар учун янги билим ва кўникмаларни олишга имкон яратади,–дейди Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари– оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиева.– Шу билан бирга, ёшлар ва аёллар учун ҳаёт сифатини яхшилаш, уларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Тадбир иштирокчилари янгидан иш бошлаган масканда яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, оиладаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ёшларга оилавий ҳаётнинг асосларини ўргатиш ва хотин-қизларнинг кундалик турмушдаги зарур ҳунарларни эгаллаши учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан фикр алмашишди.
Бу каби хайрли ишлар нафақат аёллар ва ёшлар учун қулайлик яратади, балки жамиятдаги барқарорлик ва тинчликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири