Хотин-қизлар “Заковат”да беллашди
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 январдаги "Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимизда иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда янгича қулай имкониятларни бермоқда.
Хусусан, мактаблар, билим юртлари, олий таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда "Заковат” интеллектуал ўйинлари, китобхонлик танловлари, маърифий-маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти “Ёшлар маркази” биносида “Инноватор, лидер аёллар билан давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш сари” мавзусида семинар ўтказилди. Семинар доирасида ташкилотлардаги фаол, зукко ва билимли хотин-қизлардан саралаб олинган иштирокчилар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Беллашувда ҳар бири 6 нафардан иборат 8 та жамоа давлат хизмати, ижтимоий ҳаёт, етакчилик ва умумий маданиятга оид саволлар бўйича ўз билими ва зеҳнини синаб кўрди.

Унга кўра, 1-ўрин "Ёшлар" жамоасига насиб этди. 2-ўринга катта фаоллик ва жамоавий ишлашда юқори кўрсаткичга эга "Ижтимоий юлдузлар" жамоаси сазовор бўлди. 3-ўринга "Қутқарувчи аёллар" жамоаси лойиқ кўрилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА