Хотин-қизлар муаммолари доимо эътиборда
Сирдарёда Президентимизнинг 2019 йил 8 ноябрдаги "Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида"ги қарори ва унда белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ихтисослаштирилган гинекология ёрдамини аҳолига янада яқинлаштириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ишларнинг узвий давоми сифатида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги перинатал марказлари малакали гинекологлари ва бошқа тор соҳа мутахассислари ҳамроҳлигида Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази Сирдарё вилоят филиали етакчи мутахассислари томонидан ҳудудларда репродуктив ёшдаги хотин-қизлар, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладорлар аёлларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Оқолтин туманининг “Бўстонлиқ” маҳалласи ҳудудидаги Усмон Носир номидаги оилавий шифокорлик пунктида ташкил этилган тиббий кўрикда ҳам шу тоифадаги аёллар қатнашди. Унда марказ ходимлари, акушер-гинеколог, онко-гинеколог каби тор соҳа мутахассислари репродуктив ёшдаги хотин-қизларнинг кўплаб муаммоларига ечим излади.
– Ўтказилган тиббий кўрикда ўша ҳудудда истиқомат қилаётган 100 га яқин ҳомиладорлар, ногирон аёллар қамраб олинди, –дейди Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази Сирдарё вилояти филиали раҳбари, акушер-гинеколог Сайёра Бобоева. – Ҳомиладор аёлларга туғуруқ олди инсон танасида содир бўлиши мумкин бўлган патологик ўзгаришлар бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилди. Касаллик аниқланганларга вилоят шифохонасига йўлланма берилди. Бундан ташқари, туғуруқлар оралиғини сақлаш мақсадида 20 дан ортиқ аёлларга “БИВ” контрацепция воситалари қўйилди. 15 дан ортиқ аёлларимизга эса терапевтлар томонидан маслаҳат берилди.

Шу билан бирга тиббий кўрик давомида аҳоли вакиллари бўлмиш, хотин-қизларга соҳа мутахассислари томонидан соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатликни тўғри шакллантириш, “Замонавий контрацепция усулларидан тўғри фойдаланиш”, “Туғруқлар оралиғини сақлашнинг аҳамияти”, “Климактерик даври” мавзуларида тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилди.
Бу каби тиббий кўрик ва тарғибот тадбирлари вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА.