Бухорода “Хотин-қизларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик масалалари ва гендер маданияти” мавзусида ўқув-семинари ва форум бўлиб ўтди. Унда Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги, вилоят ҳокимлиги мутасадди ходимлари, идоралар, олий таълим муассасаларининг хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Дастлаб меҳмонлар Бухоро давлат университетида ташкил этилган инновацион ғоя ва ишланмалари, талабалар, докторантлар илмий ижоди кўргазмаси, расмлар коллекцияси билан танишди.
Форум кириш қисмини Бухоро давлат университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов очиб берди.
Форумда сўзга чиққанлар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва уларнинг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
[gallery-17012]
Таъкидланганидек, мазкур тадбирнинг Бухорода ва айнан Бухоро давлат университетида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки бу энг кўп талаба қизлар таҳсил оладиган нуфузли олийгоҳ ҳисобланади.
– Жорий йилда 2 нафар талаба қизимиз Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритди, – дейди БухДУ ректори Обиджон Ҳамидов. – Бу қизларимиз юртбошимиз томонидан ҳам эътироф этилди. Умуман олганда 2023-2024 ўқув йилида университетнинг 17 нафар ёшлари Президент ва номдор стипендиантлари қаторидан ўрин олди. Университетда 824 нафар профессор-ўқитувчи бўлиб шундан 583 нафари аёлларни ташкил этади. Аёлларнинг 23 нафари фан доктори, 119 нафари фан номзодидир. Илмий салоҳият 47,4 фоиз.
Тадбирда талабаларнинг мусиқий чиқишлари, талабалар театр студиясининг саҳна намойишлари ҳақиқий байрамона кайфият бағишлади. Форумнинг якуний қисмида иштирокчилар билан Заковат интеллектуал ўйини, Миллий либослар намойиши ва концерт дастури, “Velo lady” соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди. Форум доирасида иштирокчилар “Етти пир” зиёратгоҳлари бўйлаб саёҳат қилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.