Сирдарё вилоятида шўр ювишда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни тежаш, шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда замонавий сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Гулистон туманидаги “Сувчилар мактаби” тажриба майдонида ўтказилган ўқув-амалий семинарда соҳадаги долзарб вазифалар, амалиётдаги муаммолар ва уларни бартараф этишнинг инновацион йўллари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўқув-амалий семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутасаддилари, 100 дан зиёд кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди. Улар қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва экологик жиҳатлари бўйича фикр алмашдилар.

Маърузаларда яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги Сув кодекси асосий қоидалари, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 12 август куни сув ресурсларини бошқариш ва ирригация соҳасини ривожлантиришга оид билдирилган устувор вазифалар атрофлича шарҳланди. Янги қонунда сув умуммиллий бойлик сифатида давлат ҳимоясида эканлиги, ундан оқилона ва тежамкор фойдаланиш қатъий тартибда белгилангани таъкидланди.

Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ғулом Сулаймонов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тегишли норматив ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди. Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти директори Абдувоҳид Ўразкелдиев эса 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастурнинг асосий йўналишларини тақдим этди. Уларда мавжуд ирригация тармоқларини реконструкция қилиш, насос станцияларидаги эски ускуналарни энергия ва сув тежовчи турларига алмаштириш, ер остидаги сув сатҳида муаммоли бўлган майдонларни қайта ишга киритиш, рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш ва сувни тежаш маданиятини ошириш каби аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Техника фанлари номзоди Фарҳод Садиев вегетация давридаги суғоришда, ернинг шўрини ювиш ва тупроқни унумдор ҳолда сақлашда “Биосольвент” препаратининг самарали қўлланиши ҳақида амалий мисоллар келтирди. Унинг таъкидлашича, кучли шўрланган гипсли (қийин мелиорацияланадиган) ерларда мукаммал юмшатиш, шўр ювиш ва ушбу препаратни қўллаш натижасида тупроқ таркибидаги умумий туз миқдорини икки баравар камайтириш, хлорни эса 90 фоизгача ювиб чиқариш мумкин. Бу эса тупроқ намлигини узоқ муддат сақлаш, шўрланиш даражасини пасайтириш ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш мумкинки, вилоятдаги 287 минг 145 гектар суғориладиган ернинг 9366 гектари шўрланмаган, 213 минг 940 гектари кам, 59 минг 144 гектари ўрта, 4695 гектари эса кучли шўрланган ҳисобланади. Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги туфайли бу каби майдонларда шўр ювиш ишларини инновацион ва сув тежовчи усулларда амалга ошириш ҳаётий заруратга айланган.
Семинар савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Қатнашчилар сув хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, соҳа мутахассисларининг малакасини мунтазам ошириш ва сувдан тежамли фойдаланиш маданиятини кенг оммалаштириш зарурлигини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири