Сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида илм ва амалиёт уйғунлиги янги босқичга кўтарилди. Илмий тадқиқот натижалари, замонавий агротехнологиялар ва рақамли ечимлар амалда фермер хўжаликларига жорий этилмоқда. Бу йилги пахта мавсуми шунга яққол мисол бўлди — илк бор жорий этилган хорижий навлар, қўшқатор экиш усули, томчилатиб суғориш ва дронлар ёрдамидаги агроишловлар натижасида мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳосилдорлик кескин ошди. Илм ва инновация бирлашганда, ҳар бир дона уруғ ҳам янги ҳаёт, янги имконият рамзига айланди.
Пахтачиликдаги бу ютуқлар – замонавий тафаккур, янгича ёндашув ва меҳнатсевар фермерлар фидоийлигининг самарасидир. Бугун далаларда фақат ғўза эмас, балки илмнинг ҳам “меваси” пишмоқда. Ҳар бир кўсакда илмнинг нафаси, инновациянинг қудрати, янгиланишнинг руҳи бор. Бу нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки қишлоқ хўжалигини бутунлай янги босқичга олиб чиқиш сари ташланган қадамдир.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятидаги пахта далаларига амалга оширилган пресс-тур давомида давлат ва нодавлат телеканаллари, марказий ва маҳаллий газеталар, интернет сайтлари журналистлари ҳамда ижтимоий тармоқлар фаоллари ва блогерлар пахта далаларидаги йиғим терим жараёнилари, илм ва инновациянинг самараси ҳар қачонгидан-да мўл ҳосилни ўз кўзлари билан кўриб, гувоҳ бўлишди.


Сирдарё вилоятидаги 73 минг гектар пахта майдонининг 65 минг гектарига хорижий, шундан 23 минг гектар ерга Хитойнинг “XinLuZao”, “Zhongtaj”, “Tian Yu” каби ғўза навлари қўшқатор усулда экилиб, кутилганидан ҳам юқори натижа берди. Айрим далаларда ҳар гектаридан 60–70 центнердан ҳосил олинмоқда — бу сўнгги йилларда пахтачиликда кам кузатиладиган ҳолатдир.
Шуни айтиш керакки, пресс-тур давомида аграр соҳа мутасаддилари ва пахтачилик соҳаси мутахассислари бу натижа пахтачиликдаги Шинжон агротехнологияларининг маҳаллий шароитда жорий этилгани билан бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлашди. Хусусан, плёнка остида экиш, томчилатиб суғориш ва чигитларни қўшқатор экиш орқали далада кўчатлар сонини кўпайтириш усули ғўзанинг ўсиш ва ҳосилга кириш босқичларини тезлаштирган.
Пресс-турда вазирлик ва Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ҳамда “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти мутахассислари ҳам иштирок этишди. Шунингдек, Сирдарё вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимликлари вакиллари, марказий ва маҳаллий ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар ҳам қатнашишди. ШУнингдек, ташриф давомида маҳаллий ва хорижий ғўза навларининг агротехнологик афзалликлари билан танишув бўлиб ўтди.
1. Ҳосилдорликдаги илғор тажриба
Пресс-турнинг дастлабки манзили Сирдарё туманидаги “Омонбой ўғли Тугал” фермер хўжалиги бўлди. Бу ерда 35 гектар ер майдонининг 20 гектарига буғдой экилиб, ҳар гектаридан 80–90 центнер ҳосил олинган. Буғдойдан бўшаган ерга мошнинг ҳосилдор нави экилиб, ҳар гектаридан 2 тоннадан маҳсулот йиғиб олинган. Қолган 15 гектар ерда эса Хитой технологияси асосида қўшқатор усулда, плёнка остига XinLuZao-57 нави экилиб, анъанавий усулда парваришланадиган маҳаллий навларга нисбатан анча юқори натижа қайд этилди.
– Йигирма йилдан бери фермерлик қиламан, лекин бунақа навни илгари кўрмаганман, – дейди хўжалик раҳбари Эсонбой Қўзибоев. – Илгари “Султон”, “Ан-Боёвут” каби маҳаллий навлардан 40–45 центнер ҳосил олган бўлсам, бу йил 76x10 схемада экилган хорижий нав ҳисобига 70–75 центнердан ҳосил олишни режалаштиряпман. Сабаби аниқ: қўшқатор усулида бир метр ерда 200–300 тагача кўсак боғланади.


Бундай юқори кўрсаткичлар, олимларнингфикрича, Шинжон тажрибасига асосланган пахтачилик моделини Ўзбекистон шароитига мослаштириш самарасидир. Бу моделда сув тежамкорлиги, минерал моддаларнинг аниқ меъёрда берилиши ва кўсаклар очилишининг бир вақтда кечиши таъминланади.
2. Агротехнологияда дронлар даври
Пресс-тур давомида мутасаддилар хорижий ғўза навларининг агротехнологик устунликлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот беришди.
– Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган хорижий ғўза навлари маҳаллий турларга нисбатан гербицидларга чидамли, кўсак қурти таъсирига барқарор, – дейди Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Яшин Бобаев. – Шунингдек, ҳар қандай иқлим ва тупроқ шароитида ғўза шоналари тўкилиб кетмайди, бу эса ҳосил сифатини сақлайди ва қўшимча ишчи кучини талаб этмайди. Кўсаклар деярли бир вақтда очилиб, бўлиқ пахтага айланади. Бу терим жараёнини тезлаштиради, тола кўрсаткичи бўйича ҳам маҳаллий навлардан кам эмас.
Мазкур майдондаги ғўзаларга агротехник ишлов бериш жараёнида “Ўздаверлойиҳа” институти билан тузилган шартнома асосида учувчисиз учиш қурилмалари — дронлар самарали қўлланилмоқда.


– Бир гектар ерга ишлов беришда нафақат ишчи кучи ва техника, балки ёқилғи-мойлаш материалларига кетадиган харажат ҳам кескин камаяди, – дейди “Ўздаверлойиҳа” институтининг дронлардан фойдаланиш бўлими бош мутахассиси Абдусаттор Мирзаев. – Дрон орқали ишлов беришда ҳар гектар учун хизмат ҳақи бор-йўғи 25 минг сўмни ташкил этади. Бу вақтни ҳам, маблағни ҳам тежайди. Шу билан бирга, даладаги ўсимлик ҳолатини реал вақтда мониторинг қилиш имконини беради. Бир гектарга кимёвий ишлов бериш учун ўртача 7 дақиқа кифоя.
Ҳозирда институт ихтиёрида 80 дан ортиқ агро дрон мавжуд бўлиб, келгуси йилда улар сонини 200 тага етказиш режалаштирилган. Мазкур технология нафақат Сирдарё вилоятида, балки Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудудларда ҳам самарали қўлланиши кутилмоқда.
3. Шинжон модели асосида ерлар қайта жонланмоқда
Пресс-турнинг кейинги манзили Мирзаобод туманидаги “Sirdaryo Jingu” МЧЖ — Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхона далалари бўлди. Қизиқарли жиҳати шундаки, мазкур корхона туманнинг Ғ.Юнусов, Беруний, Мустақиллик, М.Улуғбек, Янги ҳаёт маҳаллалари ҳамда “Ўрмон” ва “Сирдарё балиқчилик” хўжаликлари ҳудудида фойдаланишдан чиққан 4 538 гектар ер майдонини қайта жонлантирди. Улардан 1 200 гектарига Хитой технологияси асосида қўшқатор усулда, плёнка остига Chjun Tay–2 нави экилиб, сув танқислиги сабабли Шинжонда кенг қўлланилаётган томчилатиб суғориш тизими жорий этилди.
Ўтган йили бундай ерлардан ҳар гектаридан 50–55 центнер ҳосил олинган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 60, айрим жойларда 70 центнергача етган.


– Илгари қаровсиз, унумсиз бўлган ерларни қайта жонлантириш осон бўлмади, – дейди хитойлик инвестор. – Лекин бугун бу ерларда ҳосил яхши. Кўсаклар бир текисда очилган, машиналар ёрдамида тез ва сифатли терим амалга ошириляпти. Бу натижаларда Хитойдан келтирилган замонавий дронлар ва сўнгги русумдаги пахта терим комбайнларининг ҳиссаси катта.
4. Инновациялар маркази — фермерлар таянчи
Пресс-турнинг сўнгги манзили Боёвут туманининг “Анорзор” маҳалласида жойлашган Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли “AKIS” — Аграр соҳада билим ва инновациялар маркази бўлди.
Марказ раҳбари Иноят Тўраев таъкидлаганидек, ташкилот яқинда фаолият бошлаган бўлиб, нафақат пахтачилик, балки ғаллачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳам илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни жорий этиш орқали фермерлар, агрокластер ходимлари ва томорқа эгаларига амалий ёрдам кўрсатмоқда.


Марказ ҳудудида пахтанинг хорижий навлари, буғдойнинг 64 тури, карамнинг 6 тури, анжирнинг 4 тури, анорнинг 3 тури, беҳининг 2 тури ҳамда бошқа экинлар етиштирилмоқда. Шу билан бирга, мутахассислар тингловчиларнинг амалий малакасини мунтазам ошириб боришмоқда.
Пресс-тур давомида марказ фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилиб, келгуси режалар ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди, журналистлар саволларига жавоблар қайтарилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири