Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳосилдорлик 30 минг тоннага ортади

Жиззах вилоятида янги қишлоқ хўжалиги мавсуми аниқ режа ва юксак марралар билан бошланди. Бу йил вилоят пахтакорлари 2025 йил кўрсаткичларига нисбатан 30 минг тоннага кўпроқ, яъни 350 минг тонна пахта хомашёси етиштиришни мақсад қилган.

Бу режа, аввало, аграр соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва фермер хўжаликларининг иқтисодий рағбатини кучайтиришга қаратилган давлат сиёсати самараси сифатида намоён бўлмоқда.

Вилоятда бу йил 67,6 минг гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган. Айни пайтда барча экин майдонларида ерни мавсумга тайёрлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, минерал ўғитлар билан таъминлаш ҳамда сувдан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши эса ишлаб чиқариш занжирини янада самарали ташкил этиш имконини бермоқда.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, агротехнологияларнинг тўлиқ жорий этилиши натижасида бу йил пахта майдонларида ўртача ҳосилдорликни 51,5 центнерга етказиш режалаштирилган. Бу эса пахтакор хўжаликларига 240 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча иқтисодий самара келтириши кутилмоқда. Шу билан бирга, вилоятда 6,3 минг гектар янги ерларни ўзлаштириш ишлари бошлангани пахтачилик имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Мамлакатда пахтачилик тармоғини модернизация қилиш ва уни юқори самарали аграр тармоққа айлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Пахтачилик тармоғини тубдан ислоҳ қилиш ва кластер тизимини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тармоқда бозор муносабатларини мустаҳкамлаш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ҳамда қўшилган қиймат занжирини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш каби ресурс тежамкор технологиялар кенг жорий этилмоқда. Бугунги кунда мамлакатда юз минглаб гектар майдонларда ана шундай технологиялар қўлланилиб, сув сарфини сезиларли камайтириш ва ҳосилдорликни оширишга эришилмоқда.

Аграр соҳадаги илмий тадқиқотлар ҳам пахтачилик самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Янги селекция навлари, минерал ўғитларни меъёрий қўллаш, рақамли агротехнологиялардан фойдаланиш каби омиллар ҳосилдорликни оширишнинг муҳим асоси сифатида қаралмоқда. Бу борада фермер хўжаликлари, илмий муассасалар ва кластерлар ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани алоҳида аҳамият касб этади.

Бугун Жиззах далаларида олиб борилаётган изчил ишлар, аввало, меҳнаткаш фермер ва деҳқонларнинг саъй-ҳаракатлари, шунингдек давлат томонидан яратилаётган иқтисодий ва ташкилий имкониятлар самарасининг амалий ифодасидир. Юқори ҳосилдорликка эришиш, янги ерларни ўзлаштириш ва инновацион агротехнологияларни кенг жорий этиш орқали жиззахлик пахтакорлар нафақат вилоят, балки мамлакат аграр иқтисодиётини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Пахтачиликда белгиланган бу янги марра — рақамлар ортидаги катта меҳнат, илмий ёндашув ва стратегик ислоҳотлар самарасининг ёрқин кўринишидир. Агар бу саъй-ҳаракатлар изчил давом этса, Жиззах далаларида етиштирилаётган “оқ олтин” нафақат саноат тармоқларини барқарор хомашё билан таъминлайди, балки мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, қишлоқ аҳолиси даромадини кўпайтириш ва аграр иқтисодиётни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.         

  Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири