Ҳосил мўл бўлиб хирмонлар донга тўлсин
Фарғона вилоятида айни кунларда 99 минг 500 гектар майдонда буғдой парваришланмоқда. Ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосил олиш мақсадида агротехник тадбирлар муддатида, сифатли амалга оширилмоқда. Ҳозиргача биринчи ва иккинчи озиқлантириш ишлари тўлиқ якунланди, майдонларни учинчи озиқлантириш ишлари давом эттирилмоқда.
Бувайда туманидаги “Семурғ 777” ғаллачилик кластери 46 та фермер хўжалиги билан шартнома тузган бўлиб, 1 минг 851 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Баҳор серёғин бўлаётгани учун далаларда буғдойлар баравж ривожланаётир. Кенг далаларга боқиб, кўкка монанд бўй чўзаётган ниҳолларнинг бугунги ривожидан кўз қувнайди, дил яйрайди. Атрофга кўм-кўк пояндоз тўшалгандек гўё. Деҳқонлар кундалик дала юмушлари билан банд.Улар ниҳолларни озиқлантириш, ҳашаротларга қарши курашиш, бегона ўтлардан тозалашдек муҳим амалларни амалга оширмоқда. Деҳқонлар таъбири билан айтганда, бугунги меҳнат ва изланишлар эртанги мўл-кўлчилик, тўкинликка хизмат қилади.

“Буюк Зафар” фермер хўжалиги ғаллачиликда катта тажрибага эга. Унумдорлиги паст, қум ерлар, сизот суви яқин бўлган экин майдонларида деҳқончилик қилиш, кўзланган ҳосилни олиш сабр-бардош, изланишни талаб этади. 80 гектар ердаги ғалла майдонлари азотли ва фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилди. Жорий йилда фермер ҳосилдорликни 100 центнерга етказишни ният қилган.
Ғаллачилик соҳасида кластер тизимининг жорий этилгани соҳа ривожига хизмат қилмоқда. Эндиликда фермер етиштирган буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқига эга бўлди.

– Қишда деярли қор ёғмади, баҳорнинг ёмғирли кунлари эса ғалла ривожида катта ўрин тутмоқда, – дейди “Семурғ 777” ғаллачилик кластери раҳбари Маъсуджон Абдураззоқов. – Ғалла парваришида минерал ўғитларнинг аҳамияти катта. Экинни озиқлантиришда маҳаллий ўғитдан ҳам фойдаланилса, ниҳоллар баравж ривожланади, сувга бўлган талаби камаяди. Белгиланган чора-тадбирлар асосида далаларга маҳаллий ўғит чиқариш, экинларни “шарбат” усулида суғориш ва азотли ўғитлар билан озиқлантириш амалга оширилмоқда. Ғалладан юқори ҳосил олиш учун ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар гектар ерга 300 килограммдан фосфорли ва калийли ўғит етказиб берилди ва озиқлантирилди. Айни кунларда азотли ўғитлар билан учинчи озиқлантириш ишлари бажариляпти. Чунки ғалла ҳосилининг салмоғи бугунги ҳаракатга боғлиқ.
Фарғоналик деҳқонларнинг азалдан ғалла етиштиришда ўзига хос тажриба мактаби бор. Буни ғалла майдонларида олиб борилаётган амалий ишлар кўрсатиб турибди. Баҳорги агротехник тадбирлар бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ошириб, аҳолини сифатли ва арзон нон ва нон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.
М. Сулаймонов, ЎзА