Халқаро экспертлар фикрича, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаронинг кескинлашуви Ҳормуз бўғозининг ёпилишига олиб келиши мумкин. Бундай ҳолат нафақат Яқин Шарқ мамлакатлари, балки бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади.
Бўғоз Ҳинд океанининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, Форс кўрфазини Ўмон кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайди. Шимолий соҳиллари Эронга, жанубий соҳиллари БАА ва Ўмонга тегишли.
– Ҳормуз бўғози минтақа давлатларининг ҳарбий хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам, жаҳон савдоси нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга, -дейилади куни кеча “РИА Новости” эълон қилган мақолада.
Биринчидан, бу нисбатан тор денгиз йўлининг Форс кўрфазига ҳам ҳарбий, ҳам тижорат кемалари учун ягона ўтиш жойи ҳисобланади.
Иккинчидан, Яқин Шарқдан экспорт қилинадиган энергия ресурсларининг салмоқли қисми у орқали ўтади. Унинг узунлиги тахминан 190 километр, кенглиги 33 дан 95 километргача. Сув йўлининг шимолий қирғоғи Эрон назоратида.
Ҳормуз бўғози халқаро юк ташиш ҳудуди ҳисоблангани учун унинг хавфсизлиги БМТнинг денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси билан таъминланади. Бошқа томондан, бўғознинг торлиги уни Эрон ва Ўмон ҳудудий сувлари сифатида таснифлаш имконини беради.
Қонуний жиҳатдан, Эрон бўғозни назорат қилиш учун махсус ҳуқуқларга эга эмас, лекин юк ташишни чеклаш қобилиятини намойиш қила олади, чунки унинг жойлашуви ва бунга имкон берадиган ороллар занжири мавжуд.
Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги Ҳормуз бўғози бўйича муносабатларнинг зиддиятга мойиллиги асосан, Американинг Бешинчи флоти минтақада мавжудлиги билан боғлиқ.

Эроннинг БАА билан ҳал қилинмаган ҳудудий муаммолари бор, улар Теҳрон ва Абу-Даби томонидан даъво қилинган бир қанча оролларга тегишли. Гап Абу Мусо, Катта Тунб ва Кичик Тунб ороллари ҳақида кетмоқда. Уларнинг барчаси ҳозирда Эрон томонидан назорат қилинади.
Маълумки, нефть ва газ захираларига бой Форс кўрфази давлатлари, жумладан Ироқ, Саудия Арабистони, Кувайт, Баҳрайн, Қатар ва БАА энергетика маҳсулотларини танкерлар орқали ушбу йўлакдан дунё бозорига чиқаради. Дунё нефтининг 20 фоизигача ва газнинг 35 фоизидан ортиғи шу йўл билан ташилади 80 фоиздан ортиғи Осиё мамлакатларига, қолгани Европа Иттифоқига экспорт қилинади.
Масалан, Хитой импорт қилаётган газнинг тўртдан бир қисми Ҳормуз бўғозига тўғри келади. Қолаверса, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея каби иқтисоди юқори ривожланган давлатлар ҳам энергетика ресурсларига бўлган талабини Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ, Кувайт, Қатар, БАА ва Баҳрайн томонидан етказиб берилаётган энергетика захиралари ҳисобига қондиради.
Тўғри, Осиё мамлакатларига қувурлар орқали ҳам маҳсулот етказилади, лекин унинг улуши умумий ҳисобда нисбатан камроқ. Қувурлардан фақат Саудия Арабистони, БАА ва Эрон фойдаланади.
Сув йўлининг яна бир аҳамияти шундаки, ундан нафақат энергия ресурслари экспорт қилинади, балки минглаб контейнерларда бошқа товарлар ҳам олиб ўтилади. Шу нуқтаи-назардан олиб қараганда, йўлакнинг бутун дунё иқтисодиёти учун ҳам аҳамияти катта. Бинобарин, бўғозда юк ташиш қанчалик узлуксиз ва хавфсиз бўлса, энергетика маҳсулотлари нархи ҳам барқарор бўлади.
Шу боис, минтақадаги кескинлик кучайиб бораётгани ва Эроннинг бўғозни ёпиш ҳақидаги бевосита таҳдидлари дунё давлатларини хавотирга солиши табиий.
Масалан, Эрон-Ироқ уруши (1980-1988) бошланганидан кейин Эрон Францияни Бағдодни қўллаб-қувватлашдан қайтариш учун шундай чора кўриш билан таҳдид қилган. 1980 йилларнинг ўрталарида Эрон ва Ироқ бўғоздан ўтаётган кемаларга ҳужум қилди. 1987 йилда Теҳрон бўғозни миналаганидан сўнг АҚШ ва Эрон ўртасида қарама-қаршилик келиб чиқди.
2012 йилда Эрон бўғозда ҳарбий машғулотлар ўтказган. Бу реакция Ислом Республикасини уранни бойитаётганликда гумон қилган Ғарб давлатлари томонидан иқтисодий санкциялар киритилиши ортидан юз берди.
2015 йилда Эрон ҳарбийлари Сингапур байроғи остида сузиб кетаётган “Alpine Eternity” танкерини ўққа тутган.
Бўғоз ҳудудида Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлардаги кескинликлар, айниқса, 2018 йилда АҚШ ядровий келишувдан чиққанидан сўнг юзага келди. Ўшанда Эрон раҳбарияти яна бир бор бўғозни ёпиш билан таҳдид қилди.
Бунга жавобан АҚШ кемалар хавфсизлигини таъминлаш учун бир неча бор амалиётлар ўтказди.
2012 йилда АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама бўғознинг тўлиқ ёпилиши Вашингтон учун “қизил чизиқ” эканлигини таъкидлаган эди.
Дарвоқе, Эрон амалда бўғоз устидан назоратни ўрнатганига қарамай, мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти уни ёпиш учун етарли бўлмаслиги ҳам мумкин.
Эрон бўғозни миналашга уриниши ёки кемаларни ўққа тутиши мумкин, бу ҳолатда Теҳрон бир қатор оқибатларга дуч келиши эҳтимоли мавжуд.
Бундан ташқари, Эрон ва Исроил ўртасидаги низо бошланган дастлабки кунларданоқ АҚШ минтақага ҳарбий кемаларини жўнатишни бошлади. Бу табиийки, Америка кучлари билан тўғридан-тўғри тўқнашув хавфини юзага келтиради. Қолаверса, каналнинг ёпилиши тўғридан-тўғри Эроннинг ўзига таъсир қилиши мумкин. Зеро, у ҳам ушбу йўлакдан ўз энергия ресурсларини экспорт қилиш учун фойдаланади ва бўғознинг ўтказиш қобилияти бўйича таққосланадиган муқобил йўл йўқ.

Халқаро таҳлилчилар таъкидлаганидек, агар Эрон ўз таҳдидини амалга оширса, бу глобал нефть нархининг бир баррел учун 100-120 долларгача ошишига олиб келади.
Бошқа бир ғарб экспертлари фикрича, бундай сценарий юзага келган тақдирда “қора олтин” нархи 130 долларгача ошиши мумкин.
Тахминларга кўра, Эрон бўғозни тўлиқ тўсиб қўймаслиги ёки баъзи танкерларни тортиб олиш билан чекланиши мумкин. Бундай қадамлар юк ташиш ва суғурта харажатларининг ошишига олиб келиши эҳтимоли юқори ва бу жаҳон иқтисодиётига таъсир этмасдан қолмайди.
Барча потенциал иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий таҳдидларни ҳисобга олсак, Ҳормуз бўғози тўсилишининг асосий қурбони Эроннинг ўзи бўлиши мумкин. Қолаверса, бу ҳолат муқобил етказиб бериш каналлари бўлмаган Ироқ, Кувайт, Қатар ва Баҳрайн каби экспортчиларнинг ҳам “қўлини боғлаб” қўяди.
Шунингдек, энергия нархларининг ошиши Ҳиндистон, Хитой, Япония, Жанубий Кореяга каби импортёр давлатларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Нефть нархининг ошиши Хитой ва Ҳиндистон иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатадиган бўлса, бу Эрон учун дипломатик қийинчиликларни келтириб чиқариши ҳам мумкин.
Хуллас, Европа давлатларининг саъй-ҳаракатлари, Трампнинг зиддиятга бўлган муносабати ва Теҳроннинг ўз қарорлари барча оқибатларини тушуниши бу можарони ҳал этишда дипломатия ягона восита эканлигини кўрсатмоқда.
Саид Мурод Раҳим тайёрлади.
ЎзА