Хорижлик ўқитувчилар ректор билан учрашди
Бухоро давлат университетида ҳар йили турли дастурлар, академик мобиллик келишувлари, халқаро лойиҳалар доирасида ҳамда университет маблағлари ҳисобидан 80 нафардан ортиқ хорижий профессор-ўқитувчининг университет талабаларига маъруза ўқиши, докторант ва магистрантларга илмий раҳбарлик қилиши амалиёти йўлга қўйилган.
Университетда ҳар ойда бир маротаба хорижлик ўқитувчиларнинг ректор билан учрашувининг ташкил этилиши ҳам анъанага айланган.
Бухоро давлат университети ректори О.Ҳамидов университетда иш фаолиятини олиб бораётган Буюк Британия, Италия, АҚШ, Корея, Миср, Эрон, Россия, Словения, Қозоғистон каби 10 та давлатнинг етакчи ҳамкор олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган 16 нафар хорижлик ўқитувчи билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ҳар бир ўқитувчининг университетдаги фаолияти тўғрисида маълумот берилиб, келгуси ҳамкорлик режалари тўғрисида ҳам фикр алмашилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири