Мулоҳаза
Энди тили чиққан қизалоқдан “келажакда ким бўласан?”, деб сўраганмисиз? Бу саволга уларнинг аксарияти “келин бўламан” деб жавоб беради. Менимча бу беғубор болаликнинг асл намойиши. Яъни жажжи болажонлар нимани кўрса унга ҳавас ва ҳайрат билан қарайди. Ўзлигимизни намоён этувчи, бетакрор миллий урф-одатларимиз эса беғубор болаликка ўзгача завқ бағишлайди. Опасининг тўйини, келин саломларни кўрган мурғак қалб эгаси жуда таъсирланади, хаёлот оламига шўнғийди. У ҳам бошига рўмол ташлаб, эгилиб келин салом қилади. Бу бир оддий воқеадай туюлиши мумкин. Лекин, бунинг таг- замирида катта маънавият, тарбия борлигини ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. Бу масалага мақоламиз охирига яна қайтамиз...
Сўнгги пайтларда ўзбек қизларининг чет эл фуқароларига турмушга чиқаётгани ҳақида кўп эшитяпмиз. Тўғрисини айтганда, бундан ҳайратланмай ҳам қўйдик. Статистик маълумотларга қараганда ўзбекистонлик қизларнинг хорижликлар билан турмуш қуриш ҳолати йилдан йилга кўпаймоқда. Табиий савол туғилади. Нега ўзбекистонлик қизлар бошқа миллат вакиллари билан ҳаётини боғламоқда? Муҳаббатми, мажбуриятми ёки яна бошқа сабаблар борми?
Албатта, бунга сабаб ва омиллар кўп. Кимдир хорижга кетсам маза қилиб яшайман, яхшигина пул топиб, ота-онамга ёрдамлашаман деса, айримлар билиб-билмай бировларга эргашмоқда. Қизини хорижга узатаётганини кўз-кўз қилиб мақтанаётган ота-оналар борлигига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Бир пайтлар қизлар бир вилоятдан бошқа вилоятга турмушга чиқса таажжубланардик. Бунақа воқеалар камдан кам ҳолларда учрарди. Шунда ҳам ҳамма нимага унақа бўлибди, бирон гапи бормикан, қочиб кетибдими, деган ҳадиклар бўларди. Хорижликка турмушга чиқиш ҳақида эса умуман гап йўқ эди...
Тўғри, замон ўзгарди. Глобаллашув барча мезонларни, қарашларни ўзгартирди. Мустақил бўлдик. Ўзлигимизни англадик. Бироқ, бу асрлар оша сайқалланиб келган миллийлигимизга путур етказмаслиги даркор эди. Замонавийлашиб, дунёқарашимиз ошгани сари ота-бобомиздан қолган урф-одатларни ҳам унутаётганга ўхшаймиз. Замон билан ҳамнафас бўлиш яхши албатта, бироқ инсон ўзгаришлардан тўғри хулоса олиши керак ва нокерагини ажрата олиши муҳим. Шу маънода айрим ота-оналарнинг кўз қорачиғидай асраб вояга етказган, тарбиялаган, ўқитган, ибо-ҳаёли қизларини қўш-қўллаб хорижга узатаётгани кишига алам қилади.
Энг ачинарли томони шундаки, чет элга ризқ топиш мақсадида кетиш эркаклар қолиб, аёллар орасида кўпаймоқда. Бу иллат йилдан йилга ривожланаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Бу иймон-эътиқодли, миллат, юрт келажаги, ташвиши билан яшайдиган ҳар қандай инсонни ўйга толдиради.
Кўнгилни хира қиладиган яна бир жиҳат бор. Бу одам савдосининг бир турига айланган “келинлар бизнеси”дир. Яқинда турк медиасида “Хорижлик келинлар қурбони бўлган куёвлар” сарлавҳасида кўрсатувлар намойиш этилди. Унда “ўзбек келинлари бизнеси” пайдо бўлгани ҳақида сўз юритилади. Туркиялик журналист ўзбек келинлари, уларга уйланган турк куёвлари ва уларни ўзаро таништирган ўртакашлар ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаган.
– Айрим қизларимиз чет элга ҳой-ҳавас ортидан эргашиб турмушга чиқяпти, – дейди Тошкент шаҳрида яшовчи маҳалла фаоли Дилбар Ғаффорова. – Мен бунда болаларимизни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда бўшлиқ борлигини кўраман. Бу бўшлиқни фақатгина оилада ота-оналар тўлдира олади. Бугунги кунда баъзи оналар фарзанд тарбияси билан умуман шуғулланмаяпти. Ахир фарзанд тарбиясида онанинг ўрни жуда катта. Меҳр деган туйғуни ҳеч ким оначалик бера олмайди. Болаларнинг қаровсизлиги, таълим муассасаларида, маҳаллада тарбияси оғир, енгил ҳаётга ўч бўлган қизларнинг эътибордан четда қолиши ҳам мана шундай ҳолатлар кўпайишига сабаб бўлаётир. Тўғри, турмушга чиқиш ёки қайси давлатга бориб яшаш инсоннинг ўз ҳуқуқи ҳисобланади. Уни поймол қилишга ҳеч кимни ҳаққи йўқ. Таҳлил қиладиган бўлсак, баъзи оилаларда ота-она хорижга ишлашга кетган. Қизи холасининг ёки кекса бувисининг қўлида қолган. Ёки она хорижга ишлашга кетган, отаси қиз бола тарбияси билан шуғуллана олмаган. Эр-хотин ажрашган, болалар бувисининг қўлида, онаси бошқа турмуш қурган. Мана шундай ҳолатларда қизлар бизнинг назаримиздан четда қолмоқда. Қизларимизга болалигидан борига шукур қилишни ўргатишга биз бувижонлар, ота-оналар бевосита масъулмиз.
Чет эл фуқаросига турмушга чиққан, бироқ турмуши “ўхшамаган” аёллар билан суҳбатлашганимизда кўпчилиги моддий томондан етишмовчилик бўлгани учун шундай қилганини таъкидлайди.
Наргиза (исми ўзгартирилган) хорижга турмушга чиққан ўзбекистонлик қизлардан бири. У хитойлик сайёҳ билан танишиб қолади. Иккаласи Ўзбекистонда маълум муддат гаплашишади. Хитой тилини билмаган Наргиза телефондаги Google таржимаси орқали суҳбатлашган.
– Ўтган йилнинг сентябр ойида хитойлик бир йигит билан танишиб қолдим, – дейди Наргиза Рустамова. (исми фамилияси ўзгартирилган.) – Иккаламиз бир-биримизга кўнгил қўйдик. – У менга уйланиб, Хитойга олиб кетишини, оиламга пул юбориб туришини айтди. Ота-онам етти ёшимда ажрашиб кетган. Онам иккинчи гуруҳ ногирони. Онамнинг ота ҳовлисида яшаймиз. Тоғаларим ҳовлининг икки сотих жойини бизга ажратиб берган. Бир хонали уйда онам, укам, бобом билан яшардик. Тўғрисини айтсам оиламизга моддий томондан ёрдам бўлар, деган мақсадда хитойлик фуқарога турмушга чиқишга қарор қилдим.
Онам, қариндошларим бунга қарши бўлди. Аммо мен сўзимда турдим. Биз турмуш қурдик. Хитойга борганимдан кейин бироз вақт ўтиб ҳомиладор бўлиб қолдим. Келсам, ўртаҳол оила экан. Эрим ва синглиси бир корхонада ишлайди. Қайнонам, қайнотам ёши катта. Эримнинг айтишича, унинг онаси “ўзбек қизига уйлан, улар меҳнаткаш, вафодор бўлади. Буни эълонларда кўп ўқиганман” деб айтган экан. Шунинг учун менга уйланган экан. Орадан вақт ўтгач эримнинг бошқа бир хотини борлигини билиб қолдим. Шундан муносабатларимиз бузилди. Мен уйга қайтишимни айтганимда ҳужжатларимни олиб қўйди. Бегона юртларда мусофир бўлиб яшаш қийин экан. Ўзим жуда ёлғизланиб қолдим. Яқинларимни соғиндим. Юрт соғинчи қийнади. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасига келиб ёрдам сўрадим. Худога шукр уларни ёрдамида Ўзбекистонга қайтдим. Ўғил фарзандли бўлдим. Ҳозир ўғлим 8 ойлик бўлди. Доно халқимиз айтганидек, сўнгги пушаймон ўзингга душман. Хорижлик йигитга турмушга чиққанимдан жуда-жуда афсусланаман.
Муборак деган қизимиз ҳам хитойлик йигитга турмушга чиққан. Бу аёлнинг суҳбатини эшитгач, хорижга эрга тегиш истагида бўлган қизлар, уларнинг ота-оналари ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар ёмон бўлмас эди.
– Кам таъминланган оилада яшардим, – дейди Муборак. – Дадам катта миқдорда пул қарз бўлиб қолди. Бор будимизни сотдик. Дадам қамалиб чиқди. Унинг устига онамнинг соғлиғи ёмонлашди. Шифокорлар онамни операция қилмасак бўлмайди, дейишди. Шунда дадам қўшнимизнинг совчилик агентлиги борлиги, хорижга қизларни турмушга бериш эвазига яхши қалин пули берилаётганини айтди. Қизим хитойлик бир куёв бор экан. Яхши инсон деяпти. Унга турмушга чиқсанг, бизга ҳар ой пул юбориб туришини айтяпти. Шунда уй-жой дегандек, оиламизни моддий томондан тиклаб олармидик, деди. Мен бу таклифга рози бўлдим.
Не умидлар билан турмушга чиқиб, Хитойга келдим. Менга совчилик агентлиги бу инсоннинг жуда бой-бадавлат эканлигини айтган эди. Аммо келсам Хитойнинг бир қишлоғида яшовчи деҳқон экан. Келишим билан телефоним, ҳужжатларимни олиб қўйди. Далада ишлашга мажбурлади. У билан 4 ой яшаган бўлсам, бор хўрликларни кўрдим. Тилини билмаганим учун унинг сўзларига тушунмасдим. Кетаман, десам мени уйга қамаб қўярди. Бир амаллаб Ўзбекистонинг Хитойдаги элчихонасига бордим. Уларга раҳмат, мени она ватанимизга қайтарди. Опа-сингилларга айтар сўзим хорижга турмушга чиқманг. Дини, тили, урф-одатлари бошқача одам сизни бахтли қила олмайди. Турли совчилик агентликларининг қоп-қоп ваъдаларига ишонманг.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўлими бошлиғи, педагогика фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Фарида Абдураҳимова мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга қарамасдан ўзбек қизларининг хорижга турмушга чиқиб кетаётганидан таажжубда эканини билдирди.
– Ўйлаб кўрилса, юртимизда аёлларга, қизларга яратилган имкониятлар, эътибор ва ғамхўрликнинг чек-чегараси йўқ, – дейди Ф.Абдураҳимова. – Хотин-қизларга жуда катта шароитлар яратилган ва яратилмоқда. Қиёслаш учун бир мисол. 2019 йил 2 сентябрда Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Буни бошқа давлатларга солиштириб талқин қиладиган бўлсак, ҳали баъзи қўшни давлатларда ҳам гендер тенглиги масаласи бўйича қонун қабул қилинмаган. Ёки тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича ҳам энг ривожланган мамлакатларнинг кўпида бу борада қонун йўқ. Миллий парламентлар бўйича халқаро рейтингда (IPU Parline) Ўзбекистон парламентдаги хотин-қизлар салмоғи бўйича жаҳондаги 193 давлат орасида 49-ўриндан 34-ўринга кўтарилгани давлатимизда демократия ва гендер тенглик масаласига алоҳида эътибор қаратилганидан далолат беради.
Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35, тадбиркорлик соҳасида 45, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди. Бошқарув ходимлари орасида хотин-қизлар улушини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш талаби давлат корхоналарининг ижро органлари, жумладан, директорлар ва кузатув кенгашлари таркибини шакллантиришга ҳам татбиқ этилиши белгиланди. Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари депутатларининг 32,6 фоизи аёллардан иборат.Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий майдонда хотин-қизларга ишонч юқори экани, бу борада яратилаётган имкониятлар самара бераётганининг ёрқин ифодасидир.
Илгари турмуш ўртоғи билан ёки қайнонаси билан келиша олмай кўчада қолган аёлларни қандай ҳимоя қилишни билмасдик. Ҳозир тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларимизни давлат ўз ҳимоясига олган. Уларнинг ҳуқуқлари қонун билан кафолатланганлигига гувоҳ бўляпмиз. Яна бир маълумот, ўтган йилнинг ўзида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида иккита қонун, Президентимизнинг битта, Вазирлар Маҳкамасининг иккита қарорлари қабул қилинди. Маълумотларга кўра, 2024 йилда “Хавфсиз оила” модули орқали 156 мингдан ортиқ оиладаги низолар ҳал этилган. 74 минг 278 та оила ярашган, 13 минг 57 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Бундан ташқари, аёлларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш амалга оширилаётган ишларнинг энг устувор йўналишига айланган. Мисол учун, ўтган йили 872 мингдан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 233 минг нафардан зиёд аёлларга 4 триллион 700 миллиард сўм кредит ажратилди. 252 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилди.
Эътиборлиси опа-сингилларимизни кўпдан буён қийнаб келган уй-жой муаммосига ечим топилди. Буни рақамларда кузатадиган бўлсак, 2017 йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 8 минг хонадонли 191 та кўп қаватли уй-жой қурилган бўлса, 2024 йилда 56 минг хонадонли 1433 та уй-жой барпо этилди. Жорий йилда яна 90 минг хонадонли турар-жойлар қурилади. Юртимизда хотин-қизларнинг таълим олиши ва касбий кўникмалар орттиришига ҳар томонлама кўмаклашиш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биринчидан, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга умумий квотанинг 4 фоизи миқдорида (2 мингта ўрин) грант ажратилиб, талабгорлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсияномаси билан давлат гранти асосида имтиёзли ўқишга қабул қилиниши йўлга қўйилди. Бундан 6 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам қарийб 5 баробар кўпайиб 500 минг нафарни ташкил этмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизлар учун 68 миллиард сўмдан зиёд контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди. 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизларга 727 миллиард сўмга яқин фоизсиз таълим кредити ажратилди. Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган қарийб 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинди. Яна бир эътиборга молик жиҳат, олий таълим муассасаси, техникум ва коллежларда кундузги таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий этилди. Ўтган қисқа муддатда 181,5 мингдан зиёд талаба хотин-қизга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредити ажратилди. Натижада олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1 миллион 479 минг 384 талабанинг 52,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилаётган бир вақтда баъзи опа-сингилларимиз нега хорижий давлатларга ишлашга кетмоқда!? Қизларимизнинг хорижий фуқароларга турмушга чиқиш ҳолатлари кўпаймоқда. Оилашунос олима сифатида бу ҳақида жуда кўп ўйлайман, таҳлил қиламан, сабабларини излашга ҳаракат қиламан. Кўплаб аёллар билан суҳбатлашаман. Яқинда бир қиз билан суҳбатлашдим. Ишлаш мақсадида Араб давлатига кетиб, у ерда фоҳишахоналарда бўлган. Бир фарзанд кўрган. Аёл боласининг отаси кимлигини билмайди. Энди уйимга қайтиб бора олмайман, ака-укаларим мени тирик қўймайди, дейди. Яқинда ижтимоий тармоқларда бир ўзбек аёли кореялик фуқарога турмушга чиққани ва Корея давлатида вафот этгани, майит 10 кун сарсон бўлгани, мусулмон динига мансуб инсонлар майитни сўнгги манзилга кузатгани ҳақида лавҳа эълон қилинди. Бу ҳолатлар суриштирмай нетмай хорижга турмушга чиқиб кетаётган қизларга аччиқ сабоқ бўлиши керак.
Расмий идораларнинг маълумотига қараганда, 2006-2008 ва 2020 йилларда ўзбек қизларининг Жанубий Корея, Хитойга турмушга чиқишлари авж олган. 2021-2024 йилларда эса Туркия давлатига турмушга чиқиш ҳолати кўпайган. Турмушга чиққанларнинг 90-95 фоизи ҳали ҳаётни яхши англамаган ёш қизлар экани ачинарлидир. Қизларимизга харидор куёвлар эса 35 – 50 ёшларда…
Тўғри, қонун бўйича ҳар ким хоҳлаган инсонга, хоҳлаган давлат фуқаросига турмушга чиқиши мумкин. Бу ҳар бир фуқаронинг ихтиёрий танлови ҳисобланади. Қонунда бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ. Бироқ, миллий ғурур, ифтихор, Ватанга муҳаббат деган муқаддас туйғулар ҳам борлигини эсдан чиқармаслик керак.
Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, дейилганидек чет элдаги “бойваччалар”дан ўзимизнинг “қоракўзлар” мард, танти ўзбек йигитлари минг марта афзал. Ҳою-ҳавасларга берилиб, билиб-билмай хорижга турмушга чиқаётган қизларимизнинг аччиқ қисматларидан хулоса чиқариш вақти келмадимикан? Биз мақоламиз аввалида тилга олган миллий қадриятларимизни эъзозлашимиз керак. Зеро бу бизнинг неча асрлар давомида сайқалланиб келаётган бетакрор меросимиз, қолаверса, юксак ўзбек маънавиятининг айни мағзидир. Уни фарзандларимизга ёшлигидан ўргатишимиз, тарбиясига сингдиришимиз энг тўғри йўл бўлади. Қолаверса, юксак маънавиятли, иймон-эътиқоди мустаҳкам кишини ҳаётнинг елгил-елпи, алдамчи ҳою-ҳаваслари ҳеч қачон йўлдан адаштиролмайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА