Хориж сафари самарали якунланди
Жорий йилнинг 23-31 август кунлари “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Жамол Файзуллаев бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасида бўлди.


Корхона ахборот хизматининг маълум қилишича, ташриф давомида Хитой Халқ Республикаси Атом энергетикаси агентлиги ҳамда Энергетика бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Мулоқотда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, жумладан, 2024 йилнинг январь ойида Давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг уран йўналиши бўйича йирик корпорациялари ўртасида имзоланган келишувлар ижроси муҳокама қилинди.
Ташриф давомида “Навоийуран” ДКнинг мутахассислари China National Uranium Corporation (CNNC) корпорацияси таркибидаги “BRICEM CNUC” (геология) ва “BRIUG CNUC” (технология) илмий марказларига ташриф буюриб, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда татбиқ этилган технологиялар билан танишди.

Хорижий сафар давомида CNNC корпорацияси таркибидаги уран маҳсулотини конверсия қилиш ва бойитиш, атом электр станциялари учун ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти ҳамда корпорацияда қўлланилаётган янги инновацион технологиялар билан ҳам танишилди. Шунингдек, корпорация раҳбарияти билан ушбу технологияларни республикамизда жорий қилиш орқали қўшимча қийматли маҳсулот яратиш борасида музокаралар олиб борилди.

Хизмат сафари якунида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Навоийуран” ДК, CNNC корпорацияси таркибига кирувчи CNUC компанияси билан республикамизнинг истиқболли ҳудудларида геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича уч томонлама келишув ҳамда уран ва бошқа фойдали элементларни қидириш, ажратиб олиш бўйича Инновацион илмий-технологик марказни яратиш бўйича меморандум имзоланди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида CNNC корпорацияси вакилларининг Ўзбекистон Республикасига ташриф буюришига келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири