Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
“WAM” ахборот агентлиги “Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов Бирлашган Араб Амирликларидаги Мусулмон жамиятлари халқаро кенгаши Бош директори Холид Халифа Каъбий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди” сарлавҳали мақола эълон қилди.
Муаллиф музокара чоғида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилганини баён этган.
Мақолада, шунингдек, меҳмонлар мамлакатимиздаги машҳур исломий обидалардан ташқари, Ислом академияси, Мотуридий илмий тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом ал-Бухорий институти каби қатор диний ва илмий муассасаларда бўлгани таъкидланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқ таълими вазирлиги, юртимиздаги олий ўқув юртлари, мактабларга ташриф буюриб, учрашувлар ўтказгани ёритилган.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА