
Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги “Falcon” кучли сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида Абу-Даби давлат агентлиги Илғор технологиялар тадқиқот кенгаши билан ҳамкорлик ўрнатди. Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги – WAM айни мавзуда мақола эълон қилди.
Муаллиф таъкидлашича, Дубайда имзоланган меморандумга кўра, мамлакатимиз делегацияси IT моделлари ва шу асосдаги ечимларни татбиқ этиш йўлларини ўрганади ва рақамли тизимда турли иловалардан самарали фойдаланиш бўйича саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлайди.
Ушбу ҳамкорлик “Falcon” имкониятини Яқин Шарқ минтақасидан ташқарида кенгайтириш га қаратилган муҳим қадам бўлиб, технологик инновация келажагини шакллантиришга ёрдам беради, глобал қўшма ташаббусларни илгари суришга кенг йўл очади.
– Имзоланган меморандум жамоамизнинг сунъий интеллект соҳасида глобал ҳамкорликни йўлга қўйишга содиқлигини тасдиқлайди, – деди Илғор технология бўйича тадқиқот кенгаши бош директори Шаҳоб Исо Абу Шаҳоб.
– Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорлик бизга фойдали қарорлар қабул қилишда ёрдам беради.
Ўз навбатида, мамлакатимиз рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “Falcon” моделларини техник инфратузилмага ва давлат идораларига интеграциялаштирган ҳолда, инновация соҳасини илгари суриш учун Кенгаш билан ҳамкорлик қилишдан мамнунлигини билдирди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракат “инновация ва рақамли технология муаммоларини ҳал қилиш, соҳада янада кенг имкониятлар очиш” жараёнини тезлаштириши таъкидланди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА