Ислоҳот
Асрлар давомида Ўзбекистон заминида меъморчилик, санъат ва адабиётга оид кўплаб нодир асарлар яратилган, улар ҳанузгача дунёдаги маданият ихлосмандларини ҳайратга солиб келмоқда. Кўпчиликнинг меҳрини қозонган, олимларнинг тадқиқот объектларига айланиб улгурган ушбу меросни ҳар томонлама ўрганиш нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон соҳа вакилларини қизиқтиради.
Турли сабабларга кўра, ўзбек халқининг кўплаб маданий ёдгорликлари, моддий буюмлари ва асарлари Ватанимиздан олиб чиқиб кетилган.
Бу йўналишда доимий тадқиқотлар, ўрганиш ва изланишлар олиб борилган. 2017 йилдан ушбу соҳада туб ислоҳотлар бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг тарихий, бадиий ва маънавий меросини сақлаш ва янада кўпайтириш, ёш авлодни умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялаш масалаларини муҳим вазифалар қаторига қўйди. Ижтимоий ҳаётнинг ҳар томонлама янгиланиши фуқаролик жамиятини фаоллаштирди. Натижада “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” мультимедиа лойиҳасига қўл урилди. Давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар, ижтимоий аҳамиятга молик тадбиркорлик тузилмалари муҳим, ўзига хос, миллийлигимизни бор бўйича кўрсата оладиган лойиҳани қўллаб-қувватлади.
Мазкур лойиҳа ўлкамизда яратилган, аммо баъзи сабабларга кўра хорижда сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналарини каталоглаштиришга хизмат қилади. Тўпланган материаллар суратлар билан бойитилган китоб-альбомлар шаклида нашр этилмоқда. Бу йирик лойиҳа фаолиятининг яна бир йўналиши ўтмишда заминимизда яратилган, бироқ бугунги кунда хориж кутубхоналарида сақланаётган нодир ва ноёб қўлёзмалар факсимиле нусхаларининг чоп этилишидир. Ноширлик дастуридан ташқари, фильмлар, телекўрсатувлар яратиляпти, тадқиқот ишларининг янги йўналишлари ишлаб чиқилиб, татбиқ этиляпти.
Бунда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китобларда ўз аксини топган эпиграфик ёдгорликлардаги ёзувларнинг ўқилиши бўйича амалга оширилган ишлар, “Фан ва маданият олимлар асарларида” йўналиши доирасида олимларнинг ноёб асарлар сирасига кирган китоблари қайта нашр этилганини қайд этиш лозим.
– Муҳим йўлга чиқдик, Ўзбекистон жадал одимлай бошлади, – дейди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти мутахассиси, мазкур лойиҳа координатори Екатерина Соболева. – Бунга биз, маданият, санъат, тарихшунос, манбашунос олимлар ҳам ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. – Режаларимизни амалга оширишда Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этиш билан шуғулланиб келаётган турли мамлакатлар олимлари қўллаб-қувватламаса, олға ҳаракатлана олмасдик. Лойиҳа ишига жалб қилинган олимлар саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи жамият яратиш ғояси пайдо бўлди. Ушбу ғоя илк бор Самарқандда, Регистон майдонида бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” I Халқаро илмий-маданий конгрессида (2017 йил май) илгари сурилган эди. Шу йилдан бошлаб ишни мувофиқлаштириш, фаолиятнинг янги йўналишларини келишиб олиш ва ишлаб чиқишга имкон яратувчи халқаро конгресслар ўтказила бошланди. 2018 йилда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган II Халқаро конгресс доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташкил этилиши тўғрисида расман эълон қилинди. Бу муҳим қарор бўлди. Бутунжаҳон жамияти 2019 йилнинг август ойида Париж шаҳрида расман рўйхатдан ўтказилди.
Бутунжаҳон жамияти томонидан олиб борилаётган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг дастлабки натижалари дунё илмий жамоатчилигининг мамлакатимизга бўлган катта қизиқишини намойиш этди. Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг III Халқаро конгрессида олимлар лойиҳа доирасида тайёрланган китоб-альбомлардан республика мактаб ва олий таълим муассасаларида ўқув қўлланма сифатида фойдаланиш, шунингдек, уларни мамлакатимиз, дунё кутубхоналарига тақдим этиш ҳақидаги таклифни билдирди. Сўнг “Ўзбекистон маданий мероси” кўп жилдли туркум нашр қилинди ва белгиланган муассасаларга бепул тарқатилди.
Беш йилда лойиҳа доирасидаги туркум нашр этилган китоб-альбомлар сони 50 тага етди. Китоб-альбомлардан ташқари, лойиҳа илк бор совғабоп нашрлар – “Риштон кулолчилиги” эксклюзив альбоми, “Ўзбекистон санъати дурдоналари” тўрт жилдлиги, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумига киритилган, Хива ва Бобурийлар давридаги Ҳиндистон ёдгорликларига бағишланган янги жилдларни тайёрлади. Ҳиндистонлик ҳамкасблар ёрдамида тайёрланган жилд Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган, лекин умумий тарихий воқеалар сабаб юртимиз билан боғлиқлиги бўлган меъморий ёдгорликларни ҳам лойиҳанинг илмий қизиқишлари доирасига жалб қилишга қаратилган муҳим муваффақиятли қадам бўлди.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида фақат китоб-альбомлар нашр этиш ва шу номдаги ҳужжатли фильмларни яратиш эмас, балки чет эллик ҳамкасблар билан биргаликда Ўзбекистоннинг ноёб ва ҳайратомуз маданий ёдгорликлари, урф-одатлари, маданият объектларига бағишланган илмий-маърифий фильмларни суратга олиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” йўналишида эса чет эл тўпламларида сақланаётган бебаҳо қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари нашр этилиб, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига сақлаш учун топширилади.
– Режалар кўп – “Ўзбекистон маданий мероси” туркумида навбатдаги китоб-альбомлар нашрга тайёрланаяпти. Бугунги кунга қадар 50 та том тайёрланган бўлса, яна 20 та жилд китоб-альбомлар устида иш олиб боряпмиз, – дейди муҳаррир Мирзааҳмад Алимов. – Бундан ташқари, китоб-альбомларимизниг видеоталқини қисқа маълумотлари билан тайёрланмоқда. Музейлар ҳақидаги ҳаволалар, тадқиқот институтлари ва улар ходимларининг исм-шарифлари зикр этилган ҳолда нашр этиляпти. Ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга хизмат қилувчи лойиҳа узоқ йилларга мўлжалланган, негаки унинг мавзулари чексиз.
Миллий маданият соҳасидаги тизимли ислоҳотлар Ўзбекистонда қадимий ёдгорликларни кенг миқёсда тиклаш, ўрганиш ишларини жадаллаштириш билан бирга, илмли, маънавияти юксак авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА мухбири