Хоразм вилоятида малака тест синовларига старт берилди. Синовлар Урганч шаҳридаги 17-умумтаълим мактабида ташкил этилган Малака синов марказида бўлиб ўтмоқда.
Умумтаълим мактаблари ўқитувчи - педагоглари малака тест синовларида иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, малака тест синовлари Хоразм вилоятида жорий йилнинг 21 октябридан 12 ноябрга қадар ўтказилиши белгиланган.
– Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг билим ва малакасини юксалтириш, билимларини баҳолаш, шу орқали уларни моддий қўллаб-қувватлаш, даромадларини ошириш масалалари алоҳида эътиборга олинган. Хусусан, шу кунларда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган малака тест синовлари ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир, – дейди Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Турсунжон Нурметов. – Малака тест синовлари белгиланган фанлар бўйича ўз муддатларида ўтказилади. Синовларнинг юқори савияда ўтказилиши учун зарур барча шароит яратилган.
[gallery-25858]
Таъкидлаш лозим, малака тест синови ўқитувчиларни ўз устида тинимсиз ишлашга, билимларини мунтазам бойитиб боришга ундовчи муҳим тадбирлардан ҳисобланади. Мамлакатимизда педагогларни моддий рағбатлантириш ҳамда уларнинг малакасига яраша тоифа бериш орқали ўзаро соғлом рақобат муҳитини яратишга ҳам хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари