
Жорий йилнинг 19 февраль куни Янгиариқ туманининг Янгиариқ маҳалласида содир этилган қотиллик жинояти ижтимоий тармоқлар ва жамоатчилик ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлди.
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла аҳли иштирокида ўтказилган йиғилишда мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари кенг муҳокама этилди.
Минг афсуски, қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ қотиллик жинояти бир инсоннинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига олиб келди, 2 нафар шахс эса оғир тан жароҳати олган.
Дастлаб туман прокурори жиноят тафсилотларини очиқлади. Айтилишича, Янгиариқ маҳалласида истиқомат қилувчи 1954 йилда туғилган шахс, оилавий келишмовчилик сабабли, 1974 йилда туғилган ўғлини уйида сақлаб келаётган ов қуроли билан қасддан отиб ўлдирган. Шунингдек, келини ва неварасига ҳам ўқ отиб, оғир жароҳат етказган.
Ушбу жиноят тергов-тезкор гуруҳи томонидан қисқа муддатда фош этилиб, гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими ушбу жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар дастлабки тергов ва суд органлари томонидан батафсил ўрганилиши, ўз навбатида жиноятларнинг олдини олишга масъул бўлган шахслар ҳамда қотиллик содир этилган Янгиариқ маҳалласи еттилиги фаолиятига ҳам танқидий нуқтаи назардан баҳо берилишини айтиб ўтди.
[gallery-21912]
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманда оила,турмуш доирасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ов қуролига эга бўлган шахслар билан ҳуқуқий тушунтириш, назорат- текширув тадбирларини қатъий ўтказиб бориш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берди. Шунингдек, профилактик тадбирларни етарли даражада амалга оширмаган масъул ходимларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида хизматга оид текширув тайинланганлиги маълум қилинди.
Йиғилишда жиноят содир этилган маҳалла фуқаролар йиғини еттилиги томонидан ҳудудда олиб борилган тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактик чора-тадбирлар, қолаверса, “маҳаллабай”, “хонадонбай” усулида амалга оширилган ишлар юзасидан уларнинг ҳисоботлари тингланди.
– Мазкур оила аъзолари билан кўп маротаба суҳбат ўтказганмиз, – дейди “Янгиариқ” МФЙ раиси Отабек Назарий. – Маҳалламиз профилактика инспектори билан бирга бориб ов қуролини тўғри сақлаш борасида ҳам жуда кўп профилактик тушунтиришларни олиб бордик. Маҳалламиз учун жуда ёмон ҳолат бўлди бу ҳодиса. Бу мудҳиш воқеанинг асл сабабчиси ичкиликдир. Спиртли ичимликни меъёридан ортиқ истеъмол қилган ота оила аъзолари билан келишолмай қолган. Ўртада жанжал чиқиб, мудҳиш қотиллик жинояти содир бўлган. Уч йилдан буён маҳалламизда биронта жиноят содир этилмаган эди. Бундан кейин ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла еттилиги, фаоллар билан биргаликда мунтазам ишлаймиз.
Гумондорнинг қариндошлари ва қўни-қўшнилари ҳам мазкур жиноят юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Келгусида бу каби мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш борасидаги таклифлар тингланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур муҳокамада ов қуролига эга бўлган янгиариқлик шахсларнинг иштироки ҳам таъминланиб, улар билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилишда туманда жиноятчиликка қарши курашнинг аҳволи, “Хавфсиз маҳалла” концепциясини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган профилактик тадбирлар, бу борада профилактика инспекторлари ва маҳалла еттилигининг масъулиятини ошириш масалалари таҳлил қилинди, галдаги муҳим вазифалар белгилиб берилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари