Хоразмда “Келажак тадбиркори – 2026” кўргазмаси ўтказилди
Урганч шаҳридаги “Ёшлик спорт” мажмуасида Ўзбекистон Миллий банки, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида “Келажак тадбиркори – 2026” йирик касб кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада 11 мингга яқин талаба-ёшлар, ишсиз фуқаролар иштирок этди. Уларга 105 та иш берувчи ва тадбиркорлар томонидан 1 минг 364 та вакант иш ўринлари таклиф этилди.
Касб кўргазмаси ёшларга муносиб иш ўринларини топиш, иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ўз бизнесини бошлаш бўйича зарур билим ва амалий маслаҳатлар олиш имкониятини берди.
Кўргазмада вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳам иштирок этиб, илмий-инновацион лойиҳалар, талабалар томонидан яратилган ишланмалар, истиқболли ғоялар ҳамда ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини намоён этди.
Кўргазма доирасида университет талабалари “Келажакка қадам” дастури орқали ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ғояларини амалга ошириш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ваучерлари билан тақдирланди.
Кўргазма доирасида 827 нафар талаба ва ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Икки юз олтмишдан ортиқ ишсиз ёшлар эса касбга йўналтирилди.
[gallery-32672]
Мазкур тадбир ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари