Хоразмда "Касаба уюшмалари боғи" ташкил қилинди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 17 октябрдаги касаба уюшмалари фаоллари билан учрашувдаги топшириғи асосида Хоразм вилоятининг Урганч тумани худудида "Касаба уюшма боғи" ташкил қилинди.
Қисқа муддат ичида ободонлаштирилган боғ 20 гектарни ташкил этиб, бу ерда 35 минг тупдан зиёд 15 хил манзарали дарахтлар, жумладан арча, қарағай, терак, гужум ва бошқа турдаги кўчатлар экилди.
Боғдаги кўчатларни парваришлаш ва суғориш мақсадида 1,5 километр узунликда ариқ қазилиб, бетонлаштирилди. Бундан ташқари, 2 та болалар ва спорт майдончалари барпо этилди.
–Бу ернинг шундай обод бўлиши учун 600 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар жалб этилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. – Боғ худудига 3 минг донадан ортиқ атиргул кўчатлари ҳам ўтқазилди. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бу ерда сайр қилувчи фуқаролар учун қулай шароит яратиш мақсадида 6 километр узунликда юриш ва югуриш йўлакчалари ҳамда 3 та айвонча барпо этилди. Боғ ҳудудига 60 та замонавий ўриндиқлар, тунги ёритиш чироқлари қўйилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан боғ худудида меҳнатни улуғловчи рамзий мажмуа–касаба уюшма, иш берувчи ва давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ифодаловчи, баландлиги 9 метрлик “стелла” ҳам ўрнатилди.
[gallery-26858]
Боғнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари ва нуронийлар, фаоллар, иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон қадри учун амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳамияти хақида гапирдилар. Касаба уюшмалари боғи меҳнат аҳлига бўлган ҳурмат ва эҳтиром рамзи эканлигини эътироф қилдилар.
Мазкур лойиҳа фақат дам олиш, сайр қилиш ҳудуди бўлибгина қолмасдан маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган сўлим масканга айланди. Қолаверса, Хоразм вилоятининг экологик барқарорлигига, атроф муҳит ободлигига муносиб ҳисса қўшади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари