Ватанимиз тарихидаги 22 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1404 йил (бундан 621 йил олдин) – Самарқандга ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг қайд этишича, Соҳибқирон Амир Темур Боғи навда катта базм уюштириб, унга элчиларни ҳам таклиф этди.
Клавихо тўйдаги танга сочиш маросимини қуйидагича ёзиб қолдирган: “Овқатланиб бўлингач, Темурбек амирларидан бири қўлида кумуш танга тўлдирилган кумуш коса тутган ҳолда ўртага чиқиб, тангаларни элчилар ва меҳмонлар устидан сочиб юборди. Танга сочувчи амир коса тагида қолган тангаларни қўлига олиб, элчиларнинг оёғи остига сочди. Сўнг улуғ амир элчиларга кимхоб чопон кийдиришни буюрди”.
1864 йил (бундан 161 йил олдин) – Хива хони Саййид Муҳаммадхон вафотидан сўнг, унинг ўғли Муҳаммад Раҳимхон Соний (ҳукмронлик йиллари 1864–1910 йиллар) тахтга чиқди. Унинг отаси Саййид Муҳаммадхон 8 йилу 8 ой тахтда ўтиргандан кейин, касаллик туфайли 43 ёшида вафот этган эди. Тахтни хоннинг амакиси – амир ул-умаро унвони билан хонликда энг юқори мансаблардан бирини эгаллаб турган Саййид Маҳмуд тўра эгаллашни ният қилганди. Аммо Ҳасанмурод қушбеги, Раҳматулло ясовулбоши каби арбобларнинг қатъияти билан 1864 йил 22 сентябрда тахтга Бобожон Тўра кўтарилди. Расман тахтга ўтиргандан кейингина отасининг жасади дафн қилинган хон эндигина 19 ёшга тўлган ҳамда тарихда Саййид Муҳаммад Раҳим “Баходирхон Соний” ва “Феруз” номлари билан из қолдирган шахс эди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, унинг буюк маърифий хизматларидан бири шу бўлдики, асли китобсевар халқ бўлган Хоразм халқининг китобга бўлган меҳр-муҳаббатини янада орттирди. Оммани китоб ўқишга жалб этди. У ўз саройи атрофидаги кўпчилик амалдорларни, ҳатто оға-ини, фарзандлари ва невараларини ҳам шу ишга жалб этди. Бу тўғрида тарихчи Баёний шундай маълумот беради: “Хон ҳазратлари ҳафтада икки кун: жума ва душанба оқшомларида уламо билан суҳбат тузиб, китобхонлик этдурур эрдилар... Сипоҳийлар ва тўраларни ҳам китобхонлик этарга тарғиб этар эрдилар. Бас ҳама китобхон бўлдилар”.
1869 йил (бундан 156 йил олдин) – Мирзачўлда ҳарбий топограф Г.А.Аминов бошчилигидаги ҳарбий суратчилар, лойиҳачилар, муҳандис-техник мутахассислар гуруҳи иш бошлади. Шундан сўнг 44 минг гектар ерни суғоришга мўлжалланган лойиҳа тузилди.
1875 йил (бундан 150 йил олдин) – Қўқон хони Саййид Муҳаммад Насриддинхон билан Туркистон генерал губернатори Константин Кауфман Марғилон шаҳрида 28 параграфдан иборат шартномага имзо чекди. Шартнома икки нусхада, русча, туркча ва форс тилларида ёзилиб, бири Россия империяси архивида, иккинчиси хон ҳукуматида сақланган. Бу шартномада камситувчи шартлар ҳам мавжуд эди.
1908 йил (бундан 117 йил олдин) – ўзбек кинооператори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Михаил Краснянский таваллуд топди (вафоти 1986 йил). “Алишер Навоий” фильми унинг биринчи мустақил иши ҳисобланади. Шунингдек, унинг “Мафтунингман”, “Фурқат”, “Ўтган кунлар” каби фильмлари ҳам машҳур.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Тошкент шаҳрида янги ташкил топган Туркистон саҳна санъати ходимлари бошқармасининг ташкилий мажлиси чақирилиб, у ўзининг иш юритувчи ҳайъатини сайлади.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – Чўлпон (Абдулҳамид Сулаймонов)нинг хотини Екатерина Сулаймонова, Абдурауф Фитратнинг хотини Ҳикматжон Фитратова, Файзулла Хўжаевнинг онаси Райҳон Хўжаева, хотини Малика Хўжаева, қизи Вилоят Хўжаевалар “халқ душмани”нинг қариндошлари сифатида қамоққа олинди.
1953 йил (бундан 72 йил олдин) – театр, кино ва дубляж актёри, Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров таваллуд топди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қаул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қаул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА