Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Боғот, Хонқа, Янгиариқ, Ҳазорасп ва Тупроққалъа туманлари тадбиркорлари билан учрашди.
Даставвал вилоят ҳокими мазкур ҳудудларда жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишиб, лойиҳаларни белгиланган муддатларда ва сифатли, замон талабларига мос равишда амалга ошириш бўйича қатор топшириқлар берди.
[gallery-21505]
Шундан сўнг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил қилиниб, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг муаммоли масалалари юзасидан мурожаатлари тингланди, таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Шунингдек, янги бизнес лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
***
Хоразм вилоятида ўсмир ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий чақириққа тайёрлаш мақсадида Урганч шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм базасида "Жасорат мактаби" ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинининг навбатдаги босқичи бошланди.
Ўқув йиғини бошланиши муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда ҳарбий қурол- аслаҳалар ва махсус отрядларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
***
Хива шаҳрида инфратузилмани яхшилаш ва аҳолига сифатли электр энергиясини етказиб беришда амалий ишлар қилинмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали томонидан Хива шаҳар Ангарик маҳалласидаги электр тармоқларини модернизация қилиш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Ушбу таъмирлаш доирасида эскирган ёғоч устунлар ўрнига 15 та темир-бетон устуни ўрнатилмоқда.
Шунингдек, ушбу маҳалла аҳолисини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилган СИП кабели ўтказилмоқда. Бу эса, электр энергиясини аҳолига узлуксиз ва барқарор етказиб бериш имкониятини оширади.
***
Машарипов Фаррух Раҳимбердиевич Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Машарипов Фаррух Раҳимбердиевич тайинловга қадар Янгиариқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.
***
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ижтимоий-иқтисодий фанлар факултети талабалари иштирокида иқтидорли ёшларни юзага чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давра суҳбати ташкил қилинди.
Унда иқтидорли ва жамоат ишларида фаол бўлган талабаларга университет маъмурияти томонидан моддий рағбатлантириш белгилангани ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, давра суҳбатида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
***
Хоразда “ Илм – машаққат, масъулият ва ривожланиш!” шиори остида ёшлар муаммо ва таклифларини ўрганиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ва вилоят масъулларининг очиқ мулоқотлари ташкил этилмоқда.
Жумладан Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган ёш олимлар билан вилоят ҳокими ўринбосари, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Санъат Салаевнинг очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Тадбирда профессор 250 нафарга яқин ёш олимга ўзининг раҳбарлик фаолияти билан биргаликда, илм-фан соҳасидаги тажрибалари ҳақида гапириб берди.
Самимий мулоқот давомида илм-фан йўналишидаги янги лойиҳалар, уларни амалга ошириш бўйича зарур ёрдамлар, нуфузли халқаро олий таълим муассасаларида стажировка ўташга юбориш бўйича таклифлар ўртага ташланди. Таклифларнинг аксарият қисми шу ернинг ўзида ечимини топди.
***
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси ва Янгибозор тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда “M.-S.” ва “Ш.Ж.” МЧЖларга қарашли савдо дўконларидан жами 2 минг 444 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
***
Урганч шаҳрида фаолият юритаётган юридик истеъмолчиларнинг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматидан қонуний асосларда фойдаланишларини ўрганишга доир рейд тадбирлари ташкил этилди.
Тадбирлар давомида ичимлик ва оқова сув тармоқларига ноқонуний уланиш билан боғлиқ жами 3 та ҳолат аниқланди ва бу юзадан тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири